Хитой Украинадаги урушда АҚШни айблади
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Чжао Лицзянь АҚШ Украинадаги урушда айбдор эканини айтди. Тегишли баёнот вазирлик сайтида эълон қилинди.

Расмий АҚШнинг Россияга ёрдам бериш борасида Хитойни огоҳлантиришига мунсабат билдирган.
«Украинадаги инқирозни бошлаганлар ва уни кучайтирувчи энг катта омил сифатида АҚШ Украина муаммосига босим ўтказиш ва оловни кучайтириш бўйича ўзининг нотўғри ҳаракатлари ҳақида чуқур ўйлаши керак. Вашингтон вазиятдан фойдаланиб, янги Совуқ уруш яратишдан тўхташи зарур.
АҚШ инқирознинг масъулиятли тарзда тўғри ҳал қилинишига ҳисса қўшиши ва манфаатдор томонлар ўртасида тинч музокаралар олиб бориш учун зарур бўлган муҳит ва шарт-шароитларни яратиши керак», — дейди у.
Лицзяннинг сўзларига кўра, Украина масаласида Хитой холис ва адолатли позицияни эгаллаб, тинчлик ва адолат тарафида туради.
«Биз Хитойга қарши ҳар қандай асоссиз шубҳалар, таҳдид ва босимларга кескин қаршимиз», — дейди Хитой ТИВ расмийси.
Аввалроқ Хитой Россиянинг Украинага қарши уруши ҳақида баёнот берганди. Шунингдек, Хитой Украинадаги урушни ҳал қилишга ёрдам беришини таъкидлаган.


