Чуст ҳокимлиги мансабдорларига жиноят иши қўзғатилди
Ҳудудда тарихий обида сотиб юборилиб, кейин қайта қурилган
Наманган вилояти Чуст тумани ҳокимлиги мансабдор шахслари томонидан ноқонуний ҳужжатлар асосида маданий мерос объектини сотиш ва қайта қуришга рухсат берилгани, натижада тарихий ёдгорликка жиддий зарар етказилгани аниқланди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси, Маданий мерос агентлиги ва Бош прокуратура томонидан мутасадди идоралар билан биргаликда ўтказилган текширув ўтказилган. Унда туманнинг «Янги ҳаёт» маҳалласида жойлашган, маданий мерос ёдгорлиги ҳисобланган, ХХ аср бошига мансуб «Абдумалик» масжиди 2018 йилда Чуст туман ҳокимининг қарорига кўра «ҳашар йўли билан қурилган, ҳозирда қаровсиз қолган, эгаси аниқланмаган бино» деган асоссиз важ билан Маданий мерос инспекцияси балансидан ҳокимият балансига ўтказилгани аниқланган.
Ҳокимият ихтиёрига ўтган тарихий обидани туман ҳокимлигининг ташаббуси билан аукцион савдолари орқали фуқаро T.A.ga 61 миллион сўмга сотиб юборилган.
Туман ҳокимининг 2019 йилнинг 30 апрель санасидаги қарори билан ушбу маданий мерос объектини қайта қуришга ноқонуний равишда рухсат берилади. Оқибатда фуқаро T.A. томонидан «Абдумалик масжиди»нинг 61,1 кв метр шифт қисми қайтадан таъмирланиб, туси ўзгартирилгани натижасида унга 806,5 миллион сўмлик жиддий зарар етказилган.
Текшириш натижасига кўра, Чуст туман ҳокимлиги мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, 2016-2020 йиллар давомида Чуст туманига Баҳодир Охунов раҳбарлик қилган. Туманнинг амалдаги ҳокими Бекзод Ҳамдамов ҳисобланади.
Аввалроқ Наманган вилояти Уйчи туманидаги археологик ёдгорликка 3,9 миллиард сўм зарар етказилгани ҳақида хабар берилганди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда қанча маданий мерос объекти борлиги айтилганди.