«Ишсизликдан кўра, мафкурасизлик яхшироқ». Журналистика сабаб жиноят олами билан танишган, асарларида урушни лаънатлаб, ўзини ўзи ўлдирган Нобель мукофоти совриндори — Эрнест Ҳемингуэйнинг ҳаёт йўли ва иқтибослари

Асарлари ҳаётий тажрибаси асосида ёзилган, холислик ва оддийликни ҳар недан устун билган Эрнест Ҳемингуэйни кўпчилик бутун дунё адабиётида из қолдирган ёзувчи сифатида билади. Биографияси билан танишиш эса уни журналист, ҳарбий ва инсон туйғулари тадқиқотчиси сифатида кашф қилиш имконини беради. «Bugun.uz» бундан 123 йил аввал дунёга келиб, ҳаёти фожиали якун топган Нобель мукофоти совриндорининг ҳаёт ва ижод йўлига назар ташлайди.

Ғалати онанинг адабиётга шайдо фарзанди

Фото: Wikipedia

Ҳаётни ўзига хос тасвирлаши билан китобхон қалбини забт этган ёзувчи 1899 йил 21 июль куни Чикагодан унча узоқ бўлмаган Оук-Парк шаҳарчасида тиббиёт ва табиатшунослик билан шуғулланадиган Кларенс Эдмонт ва собиқ опера ижрочиси Грейс Ҳолл оиласида, олти фарзанддан иккинчиси бўлиб дунёга келади.

Оиласи ўқимишли ва ўзига тўқ, аммо шу билан бирга адабиётдан йироқ эди. Отаси босиқ ва вазмин, унинг рафиқаси эса қизиққонлиги билан ундан фарқ қиларди. Онаси саҳнани тарк этган-у, бироқ бунга бошқаларни айбдор санар, ўзини эса тақдирнинг қурбони деб биларди.

Қизли бўлишни орзу қилган Грейс иккинчи фарзанди ҳам ўғил бўлиб дунёга келганидан кейин ғалати одат чиқарган — Эрнестга 4 ёшига қадар қизлардек кўйлаклар кийдиргани етмагандек, бошига тасма боғлаб қўярди.

Эрнест Ҳемингуэйнинг болалиги
Фото: Wikipedia

Отаси бўлса умуман бошқа олам — бўш вақтида ов қилиш, походга чиқиш ва балиқ тутишни хуш кўрар, ўғлини эса ўзига ҳамроҳ қилиб оларди. Болалигининг ширин хотираларига айланган табиат қўйнидаги сафарлар кейинчалик Ҳемингуэйнинг келажакдаги қизиқишларига таъсир қилиш билан бирга, ижодида ҳам ўз аксини топган.

У ҳам бошқа ёзувчи-ю, илм ихлосмандларидек китоб ўқишга муккасидан кетган, классик адабиётлар эса жону дили эди. Отаси билан биргаликдаги кичик сафарлар унинг тасаввур коинотига бўёқ берган бўлса, ўқиган адабиётлари ўша бўёқларни қоғозга сўз бўлиб кўчишига туртки берарди.

Журналистика, орттирилган жароҳат ва жиноят олами билан танишув

Фото: Wikipedia

Ёшлигида Фени Бигснинг журналистика мактабида олган таълими унда ушбу соҳага нисбатан меҳр пайдо бўлишига сабаб бўлади. Курсда қатнашган энг иқтидорли ёшларнинг ёзганлари мактаб газетасида чоп этилади. Ижодни бошлаганига ҳали кўп бўлмаган болакайнинг шаҳарда содир бўлган воқеалар ҳақида ёзилган очерклари ҳали у мактаб ўқувчиси вақтидаёқ маҳаллий газеталардан бирида чоп этила бошлайди.

Билагида кучи айни тўлиб-тошган кезлари спортнинг бир қанча турига иштиёқманд бўлади. Футбол, сузиш энг севимли машғулоти эди-ю, аммо бокс билан шуғулланиш унга анча қимматга тушади. Жанглардан бирида орттириб олган жиддий жароҳати чап кўзининг деярли кўрмай, қулоғининг эса эшитмай қолишига олиб келади. Бу эса узоқ вақт давомида ҳарбий хизматга қабул қилинмаслигига сабаб бўлади.

Фото: Wikipedia

Адабиётга шайдо, ёзиш эса энг яхши кўрган машғулоти бўлганига қарамай, ҳар давр ва мамлакатда бўлгани сингари ота-онасига унинг танлови ёқмайди. Отаси ўғлини ўзидек тиббиётни танлаши, онаси бўлса, болалигидаги каби уни ўз орзуларига асир қилгиси — у бир вақтлар тарк этган саҳнани забт этиб, таниқли санъаткор бўлишини истар, уни мусиқа билан шуғулланишга мажбурларди.

Табиат мусиқа борасида истеъдод билан сийламаган Эрнест бир муддат онасининг чизган чизиғидан чиқа олмай, уни айтганини итоаткорона бажарган. Аммо ўз хоҳишларига қарши бориш, ёқтирмаган, унга умуман қизиғи бўлмаган иш билан машғул бўлишнинг охири бўлиши табиий эди. Мактабни битириши билан ота-онасининг изидан бормасликка қарор қилган Ҳемингуэй университетга топширишдан воз кечиб «The Kansas City Star» номли газетага ишга киради.

Фото: Wikipedia

Айнан шу нуқта унинг ижоди, услуби, принцип ва ўзига хосликлари шаклланишида муҳим роль ўйнайди. Полициячи мухбир сифатида фаолиятини бошлаган Эрнест иши юзасидан ҳаётида илк бор наркомания, жиноят ва фоҳишалар олами билан танишади. Ҳаммаси кинолардагидек, у эса салбий қаҳрамонларнинг изига тушган асосий образдек эди. Жиноят, ёнғин содир бўлган жойлар, қамоқхонага ташрифлар уни касб ва шахс жиҳатидан пишитади.

Журналистика китобларда ёзилмаган, бошга тушгандагина хулоса қилиш мумкин бўлган ҳаёт дарсларини беради. Одамларнинг турли вазиятда ўзини қандай тутиши, мулоқот ва диалогларни, имо-ишораларни ўргангани сайин тажрибаси ортиб боради. Ушбу ҳаётий билимлар эса асарларнинг ёзилишида асқатади.

Ўлим билан юзма-юз

Фото: Wikipedia

Журналистика оламига қўйган қадами энг муҳим нуқталардан бири бўлса, биринчи жаҳон уруши унинг қарашлари, ўлчовларининг тубдан ўзгаришига олиб келган, тўғрироғи мажбур қилган давр ҳисобланади. Негаки, айнан ўша йиллардаги ўзи билан содир бўлган воқеалар ҳаёт фалсафасини остин-устун қилиб ташлайди.

1917 йил Америка Биринчи жаҳон урушига қўшилишини эълон қилади. Тенгқурларию, ўзидан кичик йигитларнинг ҳарбийча кийиниб, урушга отланаётганини кўрган Эрнестнинг ғурури, романтик табиати қўл қовуштириб туришга изн бермайди. Ота-онаси ва боксдан эсдалик қолган жароҳати сабаб шифокорлар урушга қўшилишига қаршилик қилади. Аммо энди у ота-онаси болалигида ўз қизиқишларини сингдирмоқчи бўлган ёш бола эмас, қарор қабул қилиши учун рухсат керак эмасди.

Шу тариқа, йигитларга хос нафсоният яна бироз қайсарлик билан 1918 йил фронтга, ҳарбийларга озиқ-овқат ташувчи машина ҳайдовчиси бўлиб қўшилади. Шу йилнинг ўзида яраланган снайперни қутқаради-ю, аммо ўзи жиддий жароҳатланади. Кейинчалик бу ҳақида гап кетганда урушга бориб қўшилмоқчи бўлган йигитга худди унга ўлим бегонадек туюлиши, бироқ у билан юзма-юз келганда бутун иллюзиялар тарқаб,  баданини титроқ босишини таъкидлайди.

Шифохонага олиб борилганда унинг яраланмаган жойи қолмаганди. Танасидан 26 та парчани чиқариб олган шифокорлар жарроҳлик амалиёти учун уни Миланга юборади. 1919 йилда Америкага қайтиб борган Эрнест ҳақиқий қаҳрамонлардек қарши олинади. Уни урушда кўрсатган жонбозлиги-ю, Италия қироли томонидан «Жасорат учун» берилган медали маҳаллий газеталар учун мавзу бўлади. Иштиёққа тобе бўлиб кетиб, уруш даҳшатини ўз кўзи билан кўриш билан бирга, танасидан ўтказган йигит 1 ё 2 эмас 20 йилга улғайгандек қайтганди.

Ижодий парвоз

Фото: Wikipedia

Кейинроқ Канадада «Toronto Star»  газетасида ишлай бошлаган Ҳемингуэй орада онаси билан жиддий тортишиб қолиб, Чикагодан қўним топади. Канада нашри билан ҳамкорликни давом эттириш билан бирга «Co-operative Commonwealth»га ҳам ишлайди.

1921 йилда турмуш қургач, рафиқаси билан севги шаҳри Парижга кўчиб ўтади. Ҳаётидаги ушбу парча кейинроқ мемуаридан ўрин олади. Парижда у адабиёт доирасида ўзига яраша ҳурмат эътиборга эга инсонлар билан танишади. Шундай ёзувчилардан бири — Гертруда Стайн унга журналистикани тарк этиб, адабиёт билан жиддий шуғулланишни тавсия қилади.

Ёзувчига илк ҳақиқий шуҳратни 1926 йил «Қуёш чиқади» романи олиб келади. У бугунги кунда кўп ишлатиладиган «йўқотилган авлод» таърифи қўлланган биринчи асар эди. Ундаги бош қаҳрамон Жейк Барнс унинг ўзи сингари урушда қатнашиб жиддий жароҳатланади ва бу унинг дунёқарашини буткул ўзгартириб юборади. 1929 йилдаги «Алвидо, қурол!»романида урушга қандай баҳона бўлмасин, уни оқлаб бўлмаслиги, инсоний хусусиятлардан ҳеч нима афзалмаслигини ифодалаб ўқувчилар меҳрини қозонади.

1930 йилларнинг биринчи ярмида ижодий тушкунликни бошдан кечиради. «Пешиндан кейинги ўлим», «Африканинг яшил тепаликлари» ҳикоялар тўплами, «Ҳўкизнинг шохи», «Френсис Макомбернинг бахти» ҳикоялари, «Тўқчилик ва йўқчилик» романи айнан шу даврда ёзилади. 1933 йилда бўлса «Ғолибга байроқ берилмайди» тўпламига жам бўлган қисқа ҳикоялари тақдим қилинади. Уч йил ўтгач «Esquire» журналида унинг қаламига мансуб шедевр — «Килиманжаро қорлари» эълон қилинади.

Испан халқининг миллий озодлик курашида ҳарбий мухбир сифатида қатнашган Эрнестнинг ҳарбий мавзудаги «Мотам қўнғироғи» асари бир нечта очерк ва репортажлар сингари 1940 йил нашр қилинади. Иккинчи жаҳон урушидан кейин ёзилган «Хавфли ёз» ва «Океандаги ороллар» романлари бўлса бошқа асарларга нисбатан саёзроқ экани таъкидланади.

Лекин ҳақиқий шуҳрат ҳали олдинда эди. 1949 йил Кубага келган ёзувчи адабиёт соҳасида ишлашда давом этади. 1952 йил, 51 ёшида ёзган, икки ой очида тугатилган «Чол ва денгиз» қиссаси эса Пуллицер билан бирга Нобель мукофотига ҳам лойиқ топилади. Мазкур асар инсон ва табиат ўртасидаги боғлиқлик, одамзоднинг курашувчанлиги, умид ва ишонч билангина тириклиги ҳақида ҳикоя қилади.

Нобель мукофотини топширилиш маросимида иштирок этмаган Ҳемингуэйнинг илтимосига биноан ўқиб эшиттирилган нутқда қуйидаги фикрлар ўрин олганди:

Афсуски, йироқ-йироқлардан буюк адиблар тоғдек бўй чўзиб тургани учун ҳам, ҳозирги замон ёзувчиси овлоқ гўшаларга кетишга мажбур. У шунчалар узоққа кетиши керакки, қай бир зот ёрдам қўлини чўзишни истаса ҳам, ҳеч қандай ёрдам бера олмасин! Афтидан, жуда кўп гапириб юбордим. Ёзувчининг халққа айтадиган гапи бўлса, ваъзхонлик қилмай, муқим ўтириб ижод қилиши керак.

Ҳар бир адибнинг ижод намунаси у ҳақида биографиясида ёзилганиданда кўпроқ гапиради. Ҳемингуэй ҳаёти давомида дуч келган инсонлар, табиат унинг онгу шуурига муҳрланиб, баъзида тўлиқ, баъзида қисман ёзган асарларидан ўрин олган.

Унинг асарларидаги мағрур, кучли, энг оғир вазиятда ҳам инсонийлигини йўқотиб қўймаган қаҳрамонлар ҳам ёзувчининг ички дунёси ҳақида тасаввурга эга бўлиш имконини беради. Аммо яна бир томони борки, уларнинг аксарияти ёлғизлик, умидсиздек туюлади.

Журналистикадан билмаган нарса ҳақида ёзмаслик кераклигини ўрганган адиб, туйғу ва эмоционал ҳолатлар ҳақида гапириб ўтирмайди. Лекин оддий жисмоний ҳаракатларнинг ўзи қаҳрамонларнинг руҳиятини етарлича очиб беради. Дидактика элементлари, тўғридан-тўғри баҳо беришдан қочади, кўпроқ ички монологга урғу беради. Кузатишлари, эслаб қолганлари асосида инсон ҳаракатлари мотивини англаш, улардан асарлар учун деталь ва диалогларда фойдалангани кўзга ташланади.

Шахсий ҳаёти

Фото: Wikipedia

Унинг ҳаётида аёллар кўп бўлган, тўрт маротаба турмуш қурган ёзувчи ақли ҳуснидек чиройли нозик жинс вакилларини яхши кўрарди. Илк бор уруш вақти яраланганида унга ғамхўрлик қилган ҳамшира Агнес фон Куровскини севиб қолган, «Алвидо, қурол» романидаги Кетрин Баркли образи учун айнан ундан илҳомланганди.

Ёзувчининг навбатдаги севгилиси пианиночи Элизабет Хедли Ричардсон бўлади. Ижодини қўллаб-қувватлаган ушбу аёл билан у ҳаётини боғлайди. Турмуши давомида Жон Хедли Никано исмли ўғилли бўлади. Сўнг «Қуёш чиқади» романидаги Брет Эшлига прототип бўлган Дафф Твисденга кўнгил қўяди. 1927 йилда биринчи рафиқаси билан ажрашган Ҳемингуэй Паулина исми аёлга уйланиб, яна икки фарзандли бўлади.

Учинчи марта Марта Геллхорн исмли америкалик мухбир билан оила қуради. Аёллар унга бўйин эгишига ўрганиб қолган ёзувчи Мартани мустақил, ўзига ишончи юқори эканини ҳазм қилолмай тарк этади. Тўртинчи рафиқаси, журналист Мери Уэлш эса турмуши давомида унинг хиёнатларига кўз юмади.

Фото: Wikipedia

Ҳемингуэй ҳаёти давомида қийинчиликлар билан бир неча марта дуч келган, ўлим билан юзма-юз бўлгану тақдир инъоми сабабми ундан қочиб-қутилолган. Беш маротаба аварияга, етти марта ҳалокатга учраган. Мияси чайқалган, жароҳат орттирган, тери саратони, сибир яраси сингари ташхислар ҳам қўйилган. Ҳаёти поёнига етишидан аввал шифокорлар унда қандли диабет, гипертония борлигини аниқлаган. Лекин булар руҳий касалликлар шифохонасида чеккан азоблари олдида ҳеч нима эмасди.

Фото: Wikipedia

Ҳаёти турли воқеаларга бой кечган ёзувчи сўнгги вақтларда уни доимий равишда кимдир таъқиб қилаётгандек ташвишга тушаверади. Қайда бўлмасин, уни ФБР агентлари эшитаётганидан шубҳаланади. Электроконвулсив муолажа билан 30 та сеансда даволаш бесамар кетади. Асарларига чизма бўлган хотираларидан айрилгач у учун энг севимли бўлган ёзиш бахтидан бебаҳра қолади.

Депрессия тобора ортиб боради, суиқасдга мойиллик кузатилади. Китобларида урушни қоралаган, инсон ҳуқуқлари ва эркинлиги муҳимроқ эканига асарларидаги чизги билан урғу берган Ҳемингуэй 1961 йил 2 июлда, Кетчумдаги уйида ўз жонига қасд қилади.

Ҳемингуэйдан иқтибослар

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Миграция агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди
Жамият21:28 | 17.8.22
Миграция агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди
Бугун оқшоми. Саудияда намоз ўқиган Мирзиёев, 18 та машина иштирокидаги ЙТҲ ва калтаклаб ўлдирилган 3 ёшли қиз
Жамият21:00 | 17.8.22
Бугун оқшоми. Саудияда намоз ўқиган Мирзиёев, 18 та машина иштирокидаги ЙТҲ ва калтаклаб ўлдирилган 3 ёшли қиз
Навоийда 156 млн сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган иш юритувчи аниқланди
Жамият20:43 | 17.8.22
Навоийда 156 млн сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган иш юритувчи аниқланди
Британияда суғориш учун шланглардан фойдаланиш тақиқланди
Жаҳон20:12 | 17.8.22
Британияда суғориш учун шланглардан фойдаланиш тақиқланди
Шавкат Мирзиёев Масжидун Набавийда икки ракат намоз ўқиди — видео
Жамият19:40 | 17.8.22
Шавкат Мирзиёев Масжидун Набавийда икки ракат намоз ўқиди — видео
Ўзбекистонда 6 ойда 41 судьянинг ваколати муддатидан олдин тугатилди
Жамият19:09 | 17.8.22
Ўзбекистонда 6 ойда 41 судьянинг ваколати муддатидан олдин тугатилди