Ўзбекистонда аномал иссиқ сабаб электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда
Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида аномал иссиқ сабаб электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Энергетика вазирлиги ҳолат юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, аномал иссиқ туфайли айрим ҳудудлардаги электр таъминотида юзага келаётган носозликлар махсус бригадалар томонидан зудлик билан бартараф этилиши таъминланмоқда.
«Шу кунларда республиканинг барча ҳудудларида ҳаво ҳароратининг аномал исиб кетиши натижасида айрим жойлардаги трансформатор пунктлари ҳамда кабель тармоқларида истеъмол юкламаси ортиши кузатилиб носозликлар келиб чиқмоқда», дейилади хабарда.
Келтирилишича, ушбу электр тармоқларидаги фавқулодда ҳолатларни олдини олиш ва уларни бартараф этиш мақсадида ҳудудлар бўйлаб туну-кун ишлайдиган 227 та аварияга қарши махсус бригадалар ташкил этилган бўлиб, юзага келган носозликлар зудлик билан бартараф этиб борилмоқда.
Вазирлик аномал иссиқ натижасида юзага келаётган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраган.
Аввалроқ ҳам Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кузатилади. Энергетика вазирлиги бунга нима сабаб бўлганини маълум қилганди.





