Ўзбекистонда ноқонуний олинган далиллардан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги нормани мустаҳкамлаш таклиф қилинди

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги Конституциявий қонуннинг лойиҳасида «қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди» деган нормани мустаҳкамлаш таклиф этилмоқда. Мазкур қоида нимани англатади ва унинг аҳамияти қандай?

Жиноят иши юзасидан далилларни тўплаш, уларни баҳолаш борасида гапиришдан аввал жиноят процессининг асосий вазифаларига тўхталиш муҳим. Давлат жиноят содир этишни тақиқлар экан, уни содир этишга нисбатан ўз муносабатини билдириб, махсус мутассади субъектларга — суриштирувчи, терговчи, прокурор ва судга жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаш мажбуриятини юклайди. Яъни, давлат уларга ваколат бериши билан бирга, улардан жиноят ҳодисаси аслида қандай бўлганлигини аниқлашни талаб қилади. Лекин айни пайтда уларнинг фаолият чегарасини ҳам аниқ белгилаб, жиноят процесс иштирокчиларидан зўрлаш, қўрқитиш, ҳуқуқларини чеклаш ва қонунга хилоф бўлган ўзгача чоралар ёрдамида кўрсатмалар олишга уринишни тақиқлаган.

Жиноятни очиш, айбланувчиларни фош қилишда фақат ва фақат қонуний усуллардан фойдаланиш мумкин. Айнан шунинг учун тергов органлари идоравий ёки бошқа бир манфаатни кўзлаб ҳаракат қилмаслиги, айниқса айблов позициясида турмаслиги, фақат айблов далилларини тўплаш билан чегараланмаслиги зарур.

Жиноят иши бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама тўла ва холисона текшириб чиқилиши зарур. Ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда шахсни ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар бирдек аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозим.

Бу борада таъкидлаш жоизки, айнан жиноят процессида шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш масаласи жуда муҳим. Сабаби, айнан жиноят процессида инсонга асоссиз жисмоний ёки руҳий тазйиқ ўтказиш хавфи катта. Шахсга нисбатан процессуал мажбурлов чораларини қўллаш ваколати берилган мансабдорларда ҳам инсонга хос бўлган камчилик ва иллатлар кузатилиши ва улар ҳам фуқаролар билан ишлаш услубларида хатоларга йўл қўйиши эҳтимоли мавжуд. Шу сабабдан ҳам, қонун кимгадир эмас, айнан мансабдор шахсларга жиноят процесси иштирокчилари билан ҳар қандай нопроцессуал усулда мулоқот қилишни, яъни ўз ҳокимият ваколатини суиистеъмол қилишни қатъиян тақиқлайди.

Айтиш керакки, сўнгги йилларда амалдаги қонунчиликка суд-тергов амалиётида ноқонуний усуллар қўллашни олдини олишга оид жиддий ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, бу йўналишдаги муҳим ислоҳот сифатида Жиноят-процессуал кодексига далиллар номақбуллигига оид янги алоҳида модда киритилганини кўрсатиш зарур. Мазкур қоидага кўра, қонунга хилоф усуллар орқали ёки жиноят процесси иштирокчиларини қонун билан кафолатланган ҳуқуқларидан маҳрум қилиш ёки бу ҳуқуқларни чеклаш йўли билан ёхуд ЖПК талаблари бузилган ҳолда олинган далиллар номақбул ҳисобланади. Номақбул далиллар юридик кучга эга бўлмай, уларни айблов асосига қўйиш мумкин эмас!

Алоҳида таъкидлаш зарурки, “жиноят процесси иштирокчиларига ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаган ҳолда” олинган далиллар номақбул ҳисобланиб, улардан жиноят иши бўйича фойдаланиш қатъий тақиқланади.

Ноқонуний усуллардан фойдаланиш Жиноят-процессуал қонуни билан тақиқланган бўлсада, афсуски, бугунги суд-тергов амалиётида бундай ҳолатлар ҳали ҳануз кузатилмоқда. Илгари номақбул далиллар асосида айбланган шахсларга оид ҳукмларнинг юқори инстанцияларда қайта кўрилиши натижасида чиқарилаётган кўплаб оқлов ҳукмлари бунинг яққол исботи ҳисобланади.

Айнан шу нуқтаи назардан ҳам Конституциямизда «қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди» деган қоида белгиланиши зарур.

Мазкур тақиқнинг конституциявий даражада мустаҳкамланиши ўз навбатида, жиноят ишини холис тергов қилиниши ва тергов органлари томонидан ҳар қандай ғайриқонуний ҳаракатлар ва тақиқланган усулларни қўлланилишини  олдини олади, жиноий таъқиб остига олинган шахсларни тазйиқ ёки ҳар қандай босим ўтказишдан ҳимоя қилади.

Сурайё Раҳмонова, юридик фанлар доктори, профессор, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби кафедра мудири

Украинада ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик муддати узайтирилади
Жаҳон13:14 | 13.8.22
Украинада ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик муддати узайтирилади
Ўзбекистонда 6 ойда қанча хорижлик никоҳдан ўтгани маълум бўлди
Жамият12:51 | 13.8.22
Ўзбекистонда 6 ойда қанча хорижлик никоҳдан ўтгани маълум бўлди
ДХХ ўзини ДТМ ходими дея таништириб, ўқишни кўчириб бериш учун 3 минг доллар олган йигитни ушлади
Жамият12:04 | 13.8.22
ДХХ ўзини ДТМ ходими дея таништириб, ўқишни кўчириб бериш учун 3 минг доллар олган йигитни ушлади
Қозоғистонда Марказий Осиёдаги энг катта масжид очилди — фото
Жаҳон11:27 | 13.8.22
Қозоғистонда Марказий Осиёдаги энг катта масжид очилди — фото
Facebook ва Instagram фойдаланувчиларни кузатиши маълум қилинди
Жаҳон11:13 | 13.8.22
Facebook ва Instagram фойдаланувчиларни кузатиши маълум қилинди
Ўзбекистон мобил алоқа абонентлари сони маълум қилинди
Жамият11:10 | 13.8.22
Ўзбекистон мобил алоқа абонентлари сони маълум қилинди