
Қамчиқ довонида «бензовоз» ва «Damas» иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Қурбонлар бор
Тошкент—Ўш автомобиль йўлининг 222 километрида ёнилғи ташувчи юк машинаси ва «Damas» иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 21 июль соат 00:05 ларда Водий—Тошкент йўналишида ҳаракатланиб бораётган «MAN» русумли ёнилғи ташувчи юк автомашинаси қарама-қарши йўналишга ўтиб кетиб, «Damas» автомашинасига бориб урилган. Оқибатда ҳодиса жойида ёнғин юзага келиб, транспорт воситалари ёниб зарарланган.
Ёнғин содир бўлган ҳудудда «Nexia» автомашинасига ҳам техник шикаст етган.
«Афсуски ёнғин оқибатида вафот этганлар бор. Ҳодиса жойида ёнғин асоратлари ва тирбандликни бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Наманганда ҳайдовчиси ухлаб қолган юк машинаси трейлерга урилгани, Қамчиқда «Nexia» тўхтаб турган «Isuzu» билан тўқнашгани тўғрисида хабар берилганди.



