Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари тинчлиги ва барқарорлиги ҳамжиҳатликка боғлиқлигини айтди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Чўлпонотада ўтказилаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида минтақага мураккаб вазиятга ҳам тўхталиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.

«Бу ерда минтақамизга бевосита таъсир кўрсатаётган дунёдаги мураккаб вазиятга берилган баҳоларга қўшиламан. Оқибатларини олдиндан айтиш қийин бўлган халқаро тартибнинг жадал ўзгариши кузатилмоқда. Биз глобал миқёсда мулоқот ва ишончнинг йўқолиб бориши кучаяётганига гувоҳ бўляпмиз», — дейди президент.
Унинг таъкидлашича, жаҳон иқтисодиётида инқирознинг кучайиши оқибатида мамлакатлар анъанавий таъминот занжирларининг узилиш муаммоларига дуч келмоқда, импорт инфляцияси ошиб бормоқда, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш хатарлари бир неча баробар ортди. Бундай шароитда Маслаҳат учрашувлари доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва самарадорлигини оширишга бўлган талаб янада ортиб бормоқда.
«Бутун минтақа тинчлиги, барқарорлиги ва фаровонлиги бизнинг ҳамжиҳатлигимиз ва Марказий Осиёнинг умумий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қатъий чоралар кўришга тайёрлигимизга боғлиқ эканини алоҳида таъкидлайман», — деган Шавкат Мирзиёев.
Аввал хабар қилинганидек, 21 июль куни Чўлпонотада Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтмоқда. Саммитда савдо, транспорт ва логистика, саноат кооперацияси, инновациялар, озиқ-овқат хавфсизлиги, туризм, маданий-гуманитар соҳалардаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилиняпти.


