Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатларида ўзаро сайёҳлик оқимини кўпайтиришни таклиф қилди
Бу борада аниқ таклифлар тайёрлаш бўйича қўшма экспертлар гуруҳи ташкил этилади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида маданият, таълим, спорт ва туризм соҳаларида ҳамкорлик дастурларини амалга ошириш, умумий тарихни чуқур ўрганиш бўйича қўшма ишларни кучайтириш таклифини илгари сурди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби хабар берди.

Буларнинг барчаси, албатта, қардош халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилади. Марказий Осиё маданияти, санъати ва киноси фестивалини ўз мамлакатларимизда навбатма-навбат ўтказишни таклиф қиламиз.
Туризм соҳасидаги ҳамкорлигимизни кенгайтириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратмоқчиман. Махсус туристик маршрутлар ва маҳсулотларни ишлаб чиқиш, ягона PR-кампаниялар ўтказиш орқали минтақалараро туризмни фаол рағбатлантиришимиз керак.
Шу мақсадда ўзаро сайёҳлик оқимини кўпайтириш бўйича аниқ таклифлар тайёрлаш бўйича қўшма экспертлар гуруҳини ташкил этишни таклиф этамиз.
Шу йилнинг май ойида Тошкентда ўтказилган Марказий Осиё ёшлар форумининг самарали натижаларига алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Ёшларимизнинг қараш ва интилишлари ўхшаш, кучли интеллектуал салоҳиятга эга эканига яна бир бор гувоҳ бўлдик.
Биз уларнинг илғор ташаббуслари, ижодий ёндашувлари ва стартап лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этишимиз керак.
Навбатдаги учрашувимизга Ёшлар сиёсатининг умумий йўналишлари бўйича кўп томонлама шартнома тайёрлашни таклиф қиламиз», — дейди Шавкат Мирзиёев.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Туркманистон туризм бўйича ҳамкорлик битимини имзолагани, Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти MATTA онлайн туризм платформаси орқали тарғиб қилиниши тўғрисида хабар берилганди.