Тошкент вилоятида Суриядаги жангариларга қўшилишни режа қилган 8 нафар йигит ушланди
Улар «Катибатул тавхид вал Жиҳод» террористик ташкилотнинг ғоявий таъсирига тушиб қолган
Тошкент вилоятида «жиҳодчилар» террористик оқими аъзолари қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИББ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент вилояти ИИББ ҳамда ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ҳудудида диний муҳитни соғломлаштиришга қаратилган ҳамкорликдаги тезкор профилактик тадбирлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда.
Жумладан, Тошкент туманида ўтказилган навбатдаги назорат тадбирлари давомида «Катибатул тавхид вал Жиҳод» террористик ташкилотнинг ғоявий таъсирига тушиб, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаб келган 8 нафар аъзоси қўлга олинган.
Аниқланишича, улар 22—25 ёшлардаги шахслар бўлиб, ўзаро келишган ҳолда, келгусида Сурия давлатига чиқиб «Катибатул тавхид вал Жиҳод» террористик ташкилоти жангарилари сафига қўшилишни режа қилган.
«Ҳозирда ҳолат юзасидан қўшимча суруштирув, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.
Шунингдек, Паркент туманида Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган экстремистик ва террористик оқим ғояларини тарғиб қилувчи турли диний мазмундаги материалларни тарқатиб келаётган ва Суриядаги жангарилар, «жиҳодчилар» террористик оқими сафига қўшилишни мақсад қилган йигит қўлга олинган.

24 ёшли Ш.А. Телеграм мессенжеридаги профили орқали экстремистик ва террористик оқим ғояларини тарғиб қилувчи турли диний мазмундаги материалларни тарқатиб келаётгани аниқланган. У «жиҳод» қилиш ва Суриядаги жангарилар сафига қўшилиш мақсадида Туркия орқали Сурия давлатига чиқиб кетиши олдидан ушланган.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан ва эҳтиёт чораси сифатида «қамоқ» танланиб, жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ ҳам ДХХ Қашқадарёда «Жиҳодчилар» оқимининг бир неча тарафдорларини қўлга олгани хабар қилинганди. Шунингдек, Самарқандда «Ҳизб ут-Таҳрир» ва «Жиҳодчилар» экстремистик оқимлари тарғибчилари ушланган.
Мавзуга доир: ДХХ Қашқадарёда «Жиҳодчилар»ни қўлга олди