17:43 | 21.07.22 316

Тошкентда ўқувчилар учун ягона мактаб формаси намойиш қилинди — видео

Мутахассис бир хил форма таълим сифатининг ошишига таъсир кўрсатишини айтди

Тошкент шаҳри Халқ таълими бош бошқармаси 21 июль куни пойтахтдаги қатор мактабларда ягона форма намойишини ташкил қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Пресс-тур иштирокчилари дастлаб Олмазор туманидаги 191-мактабга олиб борилган. Ушбу мактабда махсус формалар нархи 220 минг сўмдан бошланиши маълум қилинди.

«Икки фарзандим шу мактабда таҳсил олади. Менимча, мактаб формасининг нархи ҳамёнбоп. Фақат бир таклиф бор эди, икки-уч нафар фарзанди битта мактабда ўқийдиганларга чегирма қилиб бериш керак.

Кийимларнинг сифати яхши. Ўқувчининг ўқувчи экани билиниб туради. Ҳар бир мактабда алоҳида ярмаркалар ташкил қилиш керак. Чунки ота-оналар таълим муассасаси атрофида яшашади», — дейди Музаффар Мирзабеков.

Тошкент шаҳри Халқ таълими бош бошқармаси маънавий-ахлоқий тарбия ва мактабдан ташқари таълим бўлими бошлиғи Фароғат Аҳмаджонова ягона мактаб формасининг жорий этилиши таълим сифатида ижобий натижа беришини айтиб ўтди.

«Барча ўқувчиларнинг бир хил формада мактабга келиши, биринчидан, ижодий муҳитни яратади, шунингдек, ўқувчилар ўртасида табақаланишнинг олдини олади. Албатта, бу таълим сифатининг ошишига ҳам катта таъсир кўрсатади.

Давлат умумтаълим мактабларидаги айрим ўқувчилар, яъни ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандларига форма харидида имтиёз берилган. Бунда ўқувчиларга мактаб формаси текинга берилади. Ҳозирда ушбу ўқувчиларнинг ўлчамлари олинмоқда», — дейди мутахассис.

Маълум бўлишича, мактаб формаси таълим муассасасига бириктирилган ишлаб чиқарувчидан сотиб олиниши шарт эмас. Ота-оналар ягона формани бошқа тикувчиларда ҳам тайёрлатиши мумкин.

Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари Юнусобод туманида 97-мактабга борди. У ерда мактаб формаси учун ўлчам олиш жараёни ва намунавий тарзда тикилган кийимлар намойиш қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълумот ўрнида, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан умумтаълим мактаби ўқувчилари учун мактаб формаси савдосини ташкил қилиш мақсадида Тошкент шаҳридаги «Index» савдо марказининг 3000 метр/квадрат майдонида мактаб ярмаркалари фаолияти йўлга қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар учун ҳукумат қарори билан тасдиқланган мактаб формаси тўлиқ жорий этилиши ҳақида хабар берилган. 10 августдан ҳар бир туман (шаҳар)да мактаб формаси ишлаб чиқувчиларнинг савдо шохобчалари ташкил этилади.