Бугун оқшоми. «Шовқинсиз» трамвай, бекор бўлган «права»ни тиклаш имтиҳони, бин Лодинга қиёсланган Путин

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ўзи ҳаёт қийин, лекин биринчи хабаримизни ўқиб янада қийналишингиз мумкин (шунақа — ҳаёт шафқатсиз): Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳам жазирама иссиқ сақланиб қолади.

Фото: «Bugun.uz»

Ҳаётнинг бешафқатлиги етмагандек об-ҳаво ҳам «ваҳшийлашяпти» (энди, ўзимиз ҳам унга нисбатан етарлича шафқатсизлик қилганимиздан кейин уям қиладида!), Эрон ҳудудларидан жуда иссиқ ва қуруқ ҳаво кириб келиши давом этади. Дам олиш кунлари (23—24 июнь) ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрлардан 5-7 даражага юқори бўлади. Кундузи ҳаво ҳарорати 40-45 даража атрофида, жануб ва чўл зоналарининг баъзи жойларида 47 даражагача иссиқ бўлиши кутилмоқда.

Дам олиш кунлари бизни кутаётган об-ҳаво ҳақида озроқ спойлер: Ўзбекистоннинг учта ҳудуди яна дунёнинг энг иссиқ нуқтасига айланди.

Хоразм, Навоий ва Қашқадарё вилоятидаги ҳудудлар 22 июль куни бир муддат сайёранинг энг иссиқ нуқталарига айланди.

Маълумотларга кўра, соат 11:00 да Хоразм вилоятининг Бузоқбой станциясида дунёдаги энг юқори ҳарорат — +44 даража қайд этилган. Сайёрадаги энг иссиқ жойлар орасида 8-ўринни Навоий вилоятидаги Томдибулоқ станцияси эгаллаган. У ерда ҳаво ҳарорати +41,8 даражагача етган. Қашқадарёнинг Ғузор тумани эса 9-ўринни қайд этган. Ҳуддуда ҳаво ҳарорати +41,5 даражани ташкил қилган.

Скрин: «Погода и Климат»

Шунақа. Сабр. Шу кунларда иложи борича кўчага чиқмаганингиз, ўзингизни эҳтиёт қилганингиз маъқул.

Лекин Фарғона вилоятининг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин. Келиши кутилаётган селдан ягона хурсанд бўладиган давр — ёз, қайноқ ёз, Ўзбекистоннинг ёзи.

Кундузи иссиқ бўлгандан кейин, албатта кечаси кўчага чиқишга ҳаракат қиласиз, лекин бир пайтлар бунақа пайтда кўчада юриш хавфли эди, «ППС» келиб опкетиши мумкин эди. Энди унақамас, тўхтатиши мумкин, лекин опкетмайди. Фақат кейинги йилни бошидан. Чунки Ўзбекистонда фуқарони шахсини аниқлаш учун ИИБга олиб бориш амалиёти бекор қилинади.

Фото: «Bugun.uz»

Ҳукумат қарори билан 2023 йил 1 январдан «Е-патруль» тизими босқичма-босқич жорий этилади ва фуқарони шахсини аниқлаш учун ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилади. Бундан ташқари, ходим шахсни тўхтатганда уни тўхтатганлик сабаблари ва асосларини тушунтириши шарт бўлади (ҳозирам шунақа, аслида).

Ўзбекистонда йўқотилган «права»ни қайта тиклаш учун имтиҳон топшириш тизими бекор қилинди.

Фото: ЎзА

Шу пайтгача йўқолган ва транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган гувоҳномаларни ҳайдовчилар имтиҳон топшириб, унинг натижаларига қараб олар эди. Ҳукумат қарори билан шу тартиб бекор қилинди.

Қизиқ тарафи шундаки, бу хабарни биринчи бўлиб Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов тарқатди. Қизиқ-қизиқ.

Тошкентда «шовқинсиз» трамвай ҳаракатини йўлга қўйиш бўйича иккита йўналиш ишлаб чиқиляпти (буни Комил Алламжонов ёки Грузиянинг Тбилиси шаҳри мерияси айтмади лекин).

Транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраевнинг сўзларига кўра, трамвай «шовқинсиз» бўлади ва ТИАни ишлаб чиқишга хорижлик мутахассислар жалб этилади.

Фото: «Bugun.uz»

«Президентга икки йўналишда таклифлар тайёрлаяпмиз. Биринчиси — ТТЗ массивидан Шимолий вокзалгача, лойиҳа икки босқичда амалга оширилади. Иккинчи йўналиш — Чилонзор кийим-кечак савдо мажмуасидан, яъни ‘Ипподром’дан Шимолий вокзалгача», — дейди у.

«Нега биз бу икки нуқтани танладик? Ушбу икки нуқта орқали Тошкент вилоятидан пойтахтга кўп йўловчилар оқими кириб келади. Бу транспорт оқимининг кириб келишига йўл қўймаслик учун биз бу ерда [метро йўналишлари — таҳр.] такрорланмайдиган трамвай йўналишларини белгилаяпмиз», — дейди Анвар Жўраев.

Аҳоли орасида ичимлик суви қувурлари ва жўмраклар орқали вабо касаллиги тарқалиши мумкинлиги тўғрисида хабар тарқалди. «Ўзсувтаъминот» АЖ ахборот хизмати буни рад этди.

Муносабатда жамият фуқаролардан бу каби ёлғон хабарларга ишонмасликларини ва жўмраклардан сув ичмаслик тўғрисидаги чақириқларга қулоқ солмасликни сўраган.

Фото: Telegram

Маълум қилинишича, ичимлик суви сифати республикадаги 79 та лаборатория томонидан куну-тун назорат қилиниб, сув тармоқлари ёки жўмраклар орқали бирон-бир касаллик тарқалишига йўл қўйилмайди.

Таъкидланишича, улар томонидан ҳар ойда турли таҳлиллар учун ўртача 17 200 та намуна олинади. Ичимлик сувини аҳолига етказиб беришдан олдин сув суюқ хлор, натрий гипохлорит, кальций гипохлорит каби хлорли реагентлар билан зарарсизлантирилади.

Лонгридларга линклар

  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 22 июль куни ўзининг навбатдаги мажлисини ўтказди. Мажлисда кун тартибидаги масалалар юзасидан Бош вазир ўринбосари — Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров маъруза қилди ва кредитларнинг талон-тарож қилиниши масаласига ҳам тўхталиб ўтди. «Bugun.uz» вазирнинг ушбу мавзудаги фикрига қўшиб бошқа иқтисодчиларнинг ҳам кредитларнинг талон-тарож қилиниши ҳақидаги фикрларини бир жойга жамлади: Кредитлар талон-тарож қилинмаслиги учун нима қилиш керак?
  • Ўзбекистонда ҳар йили юз минглаб болалар 1-синфга қадам қўяди. Анъанага мувофиқ, уларнинг барчасига Президент совғаси — бир сумка ўқув анжомлари топширилади. «Bugun.uz» журналисти Нодир Нортўраев 2022 йилда бунинг учун қанча харажат қилинишини ўрганиб чиқди: Ўзбекистонда 1-синф ўқувчиларига бериладиган Президент совғалари кимдан ва неча пулга сотиб олинмоқда?
  • Ўзбекистон ва жаҳоннинг бундан 90, 60 ва 30 йил аввалги манзарасига ўзбек матбуоти кўзи билан имкон қадар назар солиш ҳам қизиқ, ҳам фойдали кўринди. Ўн йиллар муқаддам айнан бугунги санада нималар бўлган, давр матбуоти улар ҳақида нима деб ёзган, ушбу воқеа-ҳодисаларга жамоатчиликнинг муносабати қандай эди — бари «Кун матбуоти тарихи» рукни материалларида: CNN’га интервью берган Каримов, ўзбек халқига хиёнатда айбланган Нишонов, порнофильмларга қарши кураш бўлими. Ўзбек матбуоти 22 июлда нималар ҳақида ёзган?.

Хўш, оламда нима гап?

Песков Путиннинг саломатлиги ҳақида маълумот берди. У билан ҳаммаси жойида. 

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков хорижий нашрларда президентнинг саломатлигида муаммоси борлиги ҳақида тарқалган хабарларга қуйидагича муносабат билдирган.

Фото: «EPA»

«Унинг соғлиғида муаммо йўқ, ҳаммаси жойида. Биласизми, қўштирноқ ичидаги украиналик, америкалик ва британиялик ахборот мутахассислари сўнгги ойларда президентнинг соғлиғи ҳақида турли гаплар айтмоқда», — деган Песков.

Путин 20 июль куни Стратегик ташаббуслар агентлиги форумида иштирок этиб, йўтали учун йиғилганлардан узр сўраган. У йўталини Теҳрон сафаридан қайтгани, у ерда ҳаво жуда иссиқ ва кондиционерлар тўлиқ қувват билан ишлаётгани билан изоҳлаган. Песков ҳам ушбу ташрифдан кейин овозида муаммоларга дуч келганини айтган.

«Кондиционерларга келсак, ростдан ҳам Теҳрон иссиқ, кўчада ҳаво 40 даража, кондиционерлар эса салқинлик беради. Менинг ҳам овозимда хириллаш бор, делегациядаги қолганларнинг саломатлиги ҳақида билмайман. Ҳаммаси жойида, қўрқинчли томони йўқ», — деган Кремль матбуот котиби.

Путин кондиционерда шамоллаб қолибди, сиз ҳам эҳтиёт бўлинг.

Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк Путинни Усама бин Лодинга қиёслади.

Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк Россия президенти Владимир Путин «Ал-Қоида» етакчиси Усама бин Лодин каби тарихда қолишини айтди.

Фото: «ABC»

Подоляк АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Россияни терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат сифатида тан олишга чақирувига шу тариқа изоҳ берган.

«Бир давлат болаларни ўлдириб, дунёнинг ярмини очлик ва совуқлик билан шантаж қилса, ҳеч қандай мослашувчанлик ва реал сиёсат бўлиши мумкин эмас», — деган Подоляк.

Унинг сўзларига кўра, Россия террорчи давлат, у келажакда бу унинг расмий мақоми бўлишини ҳам тан олган. Украина президент девони раҳбари маслаҳатчиси Путинни бен Ладенга қиёслаган.

«Путин Пётр I каби тарихда қолишни орзу қилган. Энди унинг номи Усама бин Лодин каби тарихдан ўрин эгаллайди», — деган президент девони расмийси.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Ўзбекистонда илк бор робот-жарроҳ ёрдамида мураккаб амалиёт ўтказилди
Жамият, Тошкент ш.15:08 | 28.9.22
Ўзбекистонда илк бор робот-жарроҳ ёрдамида мураккаб амалиёт ўтказилди
«Залдан чиқиб кетинг ва гувоҳномани топширинг». Умурзоқов ҳокимларни қандай ишдан олгани аудиоси тарқалди
Жамият14:46 | 28.9.22
«Залдан чиқиб кетинг ва гувоҳномани топширинг». Умурзоқов ҳокимларни қандай ишдан олгани аудиоси тарқалди
Яккасарой туманидаги «Мовий гумбаз» ҳиёбонида қуриган дарахтлар кесиб ташланади
Жамият14:16 | 28.9.22
Яккасарой туманидаги «Мовий гумбаз» ҳиёбонида қуриган дарахтлар кесиб ташланади
Тошкентда сохта маълумотлар билан банкдан 2,5 млрд сўм кредит олганлар аниқланди
Жамият13:53 | 28.9.22
Тошкентда сохта маълумотлар билан банкдан 2,5 млрд сўм кредит олганлар аниқланди
Олий суд ноҳақ айбланган фуқаронинг ҳуқуқларини тиклаб берди
Жамият13:53 | 28.9.22
Олий суд ноҳақ айбланган фуқаронинг ҳуқуқларини тиклаб берди
Ўзбекистонда куз-қиш мавсумига тайёргарлик учун 2 трлн сўм ажратилади
Жамият13:31 | 28.9.22
Ўзбекистонда куз-қиш мавсумига тайёргарлик учун 2 трлн сўм ажратилади