CNN’га интервью берган Каримов, ўзбек халқига хиёнатда айбланган Нишонов, порнофильмларга қарши кураш бўлими. Ўзбек матбуоти 22 июлда нималар ҳақида ёзган?
Тарих — ҳаёт такрорлардан иборат экани ҳақида сабоқ берувчи энг яхши муаллим; ҳар кунлик бу сабоқлардан доим ҳам вақтида ва тўғри хулосалар чиқарилмаса-да, тарих барибир беқиёс устозлигича қолаверади.
Ўзбекистон ва жаҳоннинг бундан 90, 60 ва 30 йил аввалги манзарасига ўзбек матбуоти кўзи билан имкон қадар назар солиш ҳам қизиқ, ҳам фойдали кўринди. Ўн йиллар муқаддам айнан бугунги санада нималар бўлган, давр матбуоти улар ҳақида нима деб ёзган, ушбу воқеа-ҳодисаларга жамоатчиликнинг муносабати қандай эди — бари «Кун матбуоти тарихи» рукни материалларида.
Рукн материаллари тонг соат 7:30 да эълон қилинади.
90 йил аввал. 1932 йил 22 июль, жума
«Қизил Ўзбекистон» газетасида босилган «Буюк давлат шовинизмининг конкрет ташувчиларига ўт очингиз» сарлавҳали материалда Қовунчи станциясининг европалик миллатларга мансуб бўлган раҳбарлари «ерли ишчиларга жуда қабоҳат билан муомала қилаётганликлари» ҳақида ҳикоя қилинади (1930 йилларда ўзбек матуботида «буюк давлат шовинизми» деган атама одатда рус шовинистларига нисбатан қўлланилган).

Ўзбекистон раҳбари Йўлдош Охунбобоевгача аралашган Тошкентдаги мерос можароси тафсилотлари — «Қизил Ўзбекистон» газетаси «12 ойга чўзилган бу можаро»га республика прокурори эътибор қаратишини сўраган:

Хитойнинг бир қисми бўлмиш Манчжурияни босиб олган Япония бир муддат аввал: «Япония ҳеч қачон Манчжурияни Хитойга қайтариш учун рози бўлмаяжак», деб баёнот берган. Орадан 90 йил ўтган бўлса-да, бугунги, 2022 йил одамларининг қулоғига жуда таниш баёнот, шундай эмасми? Айниқса, Қримни эсласанг.

60 йил аввал. 1962 йил 22 июль, якшанба
Ғафур Ғуломдан янги фелъетон. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)да ишлайдиган бир хотинбоз ўқитувчи ҳақида. Фелъетондан бир парча: «Ўзидан бир мучал кичик хотинини бўлар-бўлмасга тутиб олиб, ура бошлади. С.нинг комсомол ва касаба союз билетларини ўғирлаб йўқотди. Қиз ателье-моднинг чеварларидан бири бўлишига қарамай, коллектив олдида уни обрўсизлантириб, ҳақоратлар қилди. Чунончи, хотини С. 10-синфни рус мактабида битирганини айтган эдик. Шунинг учун ҳам С.нинг сўз бойлигида рсу луғатлари учраб турарди. Боршчни — боршч, дерди, булка дерди, чулки дерди, носки дерди. Нет дерди, не так, дерди. Бу сўзлар учун нопок қалб эгаси Омон Асилов С.нинг қулоқ чаккасига қўйиб юбориб, ‘карам шўрва’ дегин, ‘пайпоқ’ дегин, менинг уйимда бир оғиз русча гапирсанг, каллангни оламан, дерди (тағин у ТошДУнинг ўқитувчиси-я!).

Совет пропагандасининг АҚШдан топган янгилиги: «Руҳий касалликларга учраган кишилар Америка атомбозлари хизматида».

Ўзбекистон бош вазири Раҳмонқул Қурбонов 11 июль куни 50 ёшга тўлгани муносабати билан Ленин ордени билан мукофотланган эди. Бош вазир шу муносабат билан уни табриклаган барчага миннатдорлик билдирган:

30 йил аввал. 1992 йил 22 июль, чоршанба
Ўзбекистон президенти Ислом Каримов АҚШнинг CNN телеканалига интервью берган (лекин интервьюнинг тўлиқ тафсилоти йўқ).

1 сентябрь куни Мустақиллик майдонида Ўзбекистон мустақиллигининг 1 йиллигига бағишланган тантаналар бўлиб ўтади. Байрамни ўтказиш бўйича республика комиссияси ишчи гуруҳи раҳбари Мираҳмад Мирқосимов «Халқ сўзи» мухбирига байрам сценарийсини қисқача сўзлаб берган (қизиқ тафсилотлар бор — масалан, қирувчи самолётлар парвози, ҳарбий парад ва ҳоказо).

«Ўзбекистон овози» газетасида Қишлоқ хўжалик фанлари академияси академиги Нажим Ҳамроев, Фанлар академияси Сув муаммолари институти директори муовини Бектош Раҳимов ва республикада хизмат кўрсатган юрист, истеъфодаги генерал-майор Отамурод Муҳаммадиев имзоси билан «Хиёнат ёки ‘Ўзбеклар иши’нинг бош ҳомийси ҳақида» сарлавҳали катта (ва ўша давр учун яхшигина шов-шув кўтарган) мақола эълон қилинган. Мақола Ўзбекистоннинг Ислом Каримовдан аввалги раҳбари — Рафиқ Нишонов ҳақида. Қуйида — мақоладан икки парча:


Ўзбекистон Халқ академияси аъзолари, жумладан, «Тошкент ҳимоясида мардонавор қатнашган ва курашган Алимқулга шаҳримизнинг бирор майдонида ёдгорлик ўрнатилса», деган мурожаат билан чиқиш қилган (шаҳарни босиб олганлар хотирасига ўрнатилган ёдгорликлар зўр таъмирдан чиқарилаётган ҳозирги кунларимизда бу таклифни яна бир бор ўйлаб кўрса бўлар, балки).

Бўстонлиқ туманида давлат тили ҳақидаги қонун талаблари қарийб 100 фоиз бажарилаётганидан журналистлар хурсанд, «демак, ишласа бўлар экан», дейишяпти:

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида 40 ёшли аёл «Бойлар ҳам йиғлайди» сериалини томоша қилгач, аҳволи ёмонлашгани ҳақида:

Термиздаги айрим корхоналарда хотин-қизларнинг иш вақти бир соатга камайтирилгани ҳақида (аввалроқ шунга ўхшаш ташаббус Фарғона вилоятида ҳам чиққанди):

Навоийда 1992 йил 1 февралда бошланган «коммунизм тугагани» ҳақида:

Тошкент ҳали ҳам 2000 йилги Олимпиада мезбонлиги учун курашаётганлиги ҳақида:

Фарғона вилоят ИИБда, жумладан, «хорижий давлатларда тайёрланган ҳамда фахш ва беҳаёлик… -ни акс эттирадиган фильмларни тарғиб қилувчиларга қарши кураш олиб боради»ган ахлоқ ва одоб қоидалари бузилишининг олдини олиш билан шуғулланувчи (оддий қилиб айтганда, порнофильмларга қарши курашувчи) бўлим ташкил этилгани ҳақида:

Танқидий бўлса-да, лекин «Самарқандда троллейбус ҳайдовчилари…» деган сўзлар билан бошланувчи хабар кўзга бир бошқача кўринаркан.

Муҳрим Аъзамхўжаев тайёрлади


