Кредитлар талон-тарож қилинмаслиги учун нима қилиш керак?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 22 июль куни ўзининг навбатдаги мажлисини ўтказди. Мажлисда кун тартибидаги масалалар юзасидан Бош вазир ўринбосари — Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров маъруза қилди ва кредитларнинг талон-тарож қилиниши масаласига ҳам тўхталиб ўтди. «Bugun.uz» вазирнинг ушбу мавзудаги фикрига қўшиб бошқа иқтисодчиларнинг ҳам кредитларнинг талон-тарож қилиниши ҳақидаги фикрларини бир жойга жамлади.

Фото: «Bugun.uz»

Қонунчилик палатасининг мажлисида Жамшид Қўчқоров кредитлар талон-тарож қилинмаслиги учун иккита нарса кераклигини айтди.

«Бунинг учун кредит бериш жараёнини кўриб чиқиш керак. Кредит бериш жараёнини кўриб чиқиш дегани бу биринчи навбатда имтиёзли кредит бўлмаслиги керак дегани. Қачонки имтиёзли кредит бўлмаса, шунда кредит бериш тартибга тушади. Иккинчидан, банкларимизни хусусийлаштиришимиз керак. Банклар хусусий бўлса, унинг эгалари дивидент орқали даромадини олади ва талон-тарож масалаларига ҳам ўзи қарайди», — деган Жамшид Қўчқоров.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Имтиёзли кредитлар масаласида бир мунча олдин Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов ҳам гапириб ўтганди. Марказий банк раиси берган маълумотга кўра, регулятор 2021 йилдан бошлаб барча кредитларни бозор ставкаларида ажратишни режалаштирган. Бироқ бунга пандемия шароити тўсқинлик қилган.

«Қайд этиш керакки, инфляцион таргетлаш бўйича Президент фармонида 2021 йилдан барча кредитларни бозор фоизларида бериш мўлжалланган эди. Афсуски, пандемия шароити бу ҳолатни кечиктиришни тақозо қилди.

Имтиёзли кредитлар улушига қарайдиган бўлсак, улар жами кредитлар портфелида камайиб боряпти. 2021 йил бўйича бу улуш 32 фоизни ташкил этади. Берилган кредитлар бўйича қарайдиган бўлсак, 2021 йил 24,6 фоиз кредитлар имтиёзли шартларда берилган. Агар пандемия билан боғлиқ вазият бўлмаганда, биз аллақачон имтиёзли кредитлар ажратиш сиёсатидан воз кечган бўлардик», — деганди Марказий банкнинг 20 январь кунги навбатдаги бошқарув йиғилишида Мамаризо Нурмуратов.

Иқтисодчилар ҳам бундай кредитлар зарарли экани ҳақида жуда кўп ёзади. Масалан Гарвард университети докторанти Ботир Қобилов ўз постларидан бирида шундай дейди:

«Қачонки банкларимизда давлатнинг ўрни кескин қисқарса, банклар орқали имтиёзли кредитлар ва шунга ўхшаш ижтимоий дастурлар доирасида ресурсларни тақсимлашни бас қилиб харажатларни қисқартирсак, банкларга хизматлар нархини эркин белгилашда эркинликни берсак, банклараро рақобат бўлса, бу бозорга кириш/чиқишга чекловлар бўлмаса, ана ўшанда банк тизимидаги муаммолар пайдо бўлмасидан аввал йўқ бўлиб кетар эди. Марказий банк мустақиллиги ҳам ўша рўйхатнинг биринчисида туради».

Висконсин университети докторанти Беҳзод Ҳошимов эса банклар учун имтиёзли кредитларнинг қандай зарари борлиги ҳақида гапириб ўтган.

«Bankers.uz» нашри ташкиллаштирган суҳбатда Беҳзод Ҳошимов бундай оқибатлар сирасига пулнинг барча учун қимматлашиши, маъмурий харажатларнинг барча учун ошиши ҳамда банк тизимининг самарали ишлаётгани-ишламаётганини билиш қийинлиги каби салбий ҳолатлар киришини таъкидлаб ўтган.

«Масалан, банкдан нима учун сизларда фойда яхшимас десангиз, улар ‘бизнинг ижтимоий функцияларимиз бор’, деб жавоб беришади. Аслида эса уларнинг бошқаруви — менежменти ёмон бўлиши мумкин. Ёки стратегияси ёмон бўлиши мумкин. Буни фарқига бора олмайсиз, яъни хўл билан қуруқ баравар ёнади», — деганди ўшанда Беҳзод Ҳошимов.

Молиячи Отабек Бакиров эса Антикоррупция агентлиги раҳбари Акмал Бурхоновнинг «Банк тизими таълим соҳасидан кейин энг коррупциялашган тармоқ ҳисобланиши» тўғрисидаги ҳисоботига жавобан, талон-тарож қилинган маблағлар бюджет маблағлари экани ва улар имтиёзли кредитлар ҳиссасига тўғри келиши ҳақида ёзган.

«Келинг, Акмал Бурхоновдан келтирилаётган иқтибосларга қайтамиз:

‘Аҳолини қўллаб-қувватлаш учун турли ижтимоий лойиҳаларга мўлжалланган бюджет маблағларини айрим банк мансабдор шахслари томонидан талон-тарож қилинаётган ҳолатлари мавжуд’.

‘Ҳар бир оила — тадбиркор’ дастури бўйича 20 млрд сўмдан ортиқ маблағ банк ходимлари томонидан талон-торож қилинган. Талон-тарож қилинган маблағлар Миллий банкда — 1,3 млрд сўм, Микрокредитбанкда — 2,4 млрд сўм, Халқ банкида — 3 млрд сўм, Агробанкда — 12,3 млрд сўмни ташкил қилади’.

‘Ёшлар — келажагимиз’ дастури доирасида ҳам 3,5 млрд сўм маблағ ёшлар бандлигини таъминлашга йўналтирилмасдан, жиноий схемалар орқали ноқонуний ўзлаштириб юборилган’.

Эътибор қаратамиз: Талон тарож қилинган, ноқонуний ўзлаштирилган мабалғалр қандай маблағлар? Давлат ёки бюджет маблағлари.

Давлат ва бюджет маблағлари қайси банклар тарафидан ўғирланган? Давлат банклари тарафидан.

Ўғирланган маблағларни қандай ҳусусият ажратиб туради? Улар имтиёзли.

Демак ибораларни тўғри қўллашимиз керак. Ёппасига коррупция ва ўзлаштириш айнан давлат секторида юз бермоқда. Қачонки давлат бу сектордан кетсагина, тақсимлаш, қайта тақсимлаш, қарор қабул қилиш ва рискларни баҳолаш ишидан четда турсагина бу секторни банк сектори деб атаса бўлади», — деган Отабек Бакиров.

Ўзбекистонда 9 август куни кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
Жамият1:05 | 9.8.22
Ўзбекистонда 9 август куни кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
Россияда ўзбекистонлик эркак машинасида одам ўлдирди
Жаҳон0:51 | 9.8.22
Россияда ўзбекистонлик эркак машинасида одам ўлдирди
Россияда ўзбекистонлик аёлнинг устига бекат павильони тушиб кетди
Жаҳон0:50 | 9.8.22
Россияда ўзбекистонлик аёлнинг устига бекат павильони тушиб кетди
Хоразмда маст ҳайдовчи «Nexia»да ЙПХ ходимининг машинасини уриб юборди
Жамият, Хоразм0:44 | 9.8.22
Хоразмда маст ҳайдовчи «Nexia»да ЙПХ ходимининг машинасини уриб юборди
Ўзбекистон аҳолисининг неча фоизи меҳнатга лаёқатли экани айтилди
Жамият0:41 | 9.8.22
Ўзбекистон аҳолисининг неча фоизи меҳнатга лаёқатли экани айтилди
Самарқандда меҳмондорчиликда юз берган жанжал оқибатида бир киши вафот этди
Жамият, Самарқанд0:40 | 9.8.22
Самарқандда меҳмондорчиликда юз берган жанжал оқибатида бир киши вафот этди
Колумнистлар
Ваҳимали янгиликлар жонига теккан ёки уларни ўқишдан ўзини тия олмайдиганлар учун қўлланма