
Ўзбекистон туризм транспорти уюшмаси тадбиркорлар билан учрашув ўтказди
Ўзбекистон туризм транспорти уюшмаси 22 июль куни туризм транспорти соҳасидаги тадбиркорлар билан «Туризм билан боғлиқ транспорт хизмати бозорини ривожлантириш» мавзусида учрашув ўтказди. Бу ҳақда учрашувдан «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Учрашув Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Савдо саноат палатаси ва Тошкент шаҳар Транспорт бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Тадбир
- мамлакатнинг туризм билан боғлиқ транспорт хизмати бозорини ривожлантиришдаги мавжуд муаммо ва камчиликларни муҳокама қилиш;
- соҳани ривожлантириш билан боғлиқ таклиф ва тавсияларни амалга ошириш ҳамда қўллаб-қувватлаш;
- жамиятда туризм транспорти соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва янгиликлар, ислоҳотлар, шунингдек, транспорт ва туризм соҳасидаги имтиёз ва қулайликлар билан тадбиркорлик субъектларини таништириш;
- мамлакатимизга келган туристларга ва MICE тадбирларга ташриф буюрган меҳмонларга транспорт хизматини кўрсатишда учраётган муаммо ва камчиликларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш чораларини кўриш;
- саёҳатларни сифатли ва мароқли ташкил этиш юзасидан зарур шарт-шароитлар яратиш;
- соҳани ривожлантиришга масъул бўлган давлат идоралари ва тадбиркорлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган.
Учрашув 3 қисмдан иборат бўлиб, дастлаб, Туризм транспорти соҳасидаги мавжуд муаммо ва камчиликлар, янги лойиҳа ҳамда ташаббуслар бўйича таклиф ва тавсиялар муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Кейин эса, Туризм билан боғлиқ транспорт хизмати бозорини ривожлантириш бўйича тадбиркорларнинг таклиф ва тавсиялари эшитилди. Учрашув якунида Туризм транспорти соҳасини ривожлантириш бўйича тегишли ҳамкор ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик меморандум лойиҳаларининг имзолаш маросими ўтказилди. Учрашувда 60 га яқин туризм транспорти соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.

Аввалроқ Самарқанд шаҳрида туризм кўчаларини боғловчи янги автобус йўналиши очилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда туризм, спорт ва маданият соҳаларини ривожлантириш бўйича лойиҳалар қабул қилинганди.





