Сирдарёда қуввати 1500 мегаваттли янги иссиқлик электр станцияси қурилмоқда — видео
Мазкур лойиҳа Саудия Арабистоннинг «ACWA Power» компанияси томонидан 100 фоиз тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига амалга оширилмоқда, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, cтанция йилига 12 миллиард кВт.соат электр энергия ишлаб чиқаради. Лойиҳа доирасида энг замонавий, энергия тежамкор технологиялардан фойдаланилиши ҳисобига йилига 1,1 миллиард куб метр табиий газ тежалишига эришилади.
Таъкидланишича, станция Ширин шаҳри ва Боёвут туманлари ҳудудида 55 гектар ер майдонида барпо этилмоқда ва 2023 йил якунига қадар ишга туширилиши режалаштирилган.
Қайд этилишича, бугунги кунда лойиҳа 44 фоизга бажарилган. Шундан лойиҳалаштириш 90 фоиз, буюртмалар 64 фоиз, қурилиш ишлари 17 фоизга бажарилди. Объектда 190 та техника ва қарийб 1500 та ишчи ходим ишламоқда (шундан 800 таси маҳаллий ишчилар).
Мазкур станция Президентнинг 2020 йил 10 августдаги ПҚ-4799-сон қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Аввалроқ Фарғона вилоятида қиймати 80 миллион долларга тенг қуёш электростанцияси қурилиши ҳақида хабар берилганди.


