Янги Ўзбекистон: хотин-қизлар масалаларига эътибор қай даражада ўзгарди?

Янги Ўзбекистон. Мазкур жумла сўнгги бир неча йилларда ўзбекистонликларнинг қулоғига энг кўп чалинаётган иборалардан бири бўлди дейилса, муболаға бўлмайди. Шу ўринда савол туғилади: хўш, у ўзининг асл мақсад-муддаосини оқлайди ва ифодалаб берадими ёки «маънавият», «ўзбек модели», «ватанпарварлик» каби жумлалар сингари ўзининг туб моҳиятидан чекиниб, киноя ўқлари нишонига айланади?

Фото: «Bugun.uz»

Бу сўроқнинг жавобини фақатгина вақт кўрсатади. Биз эса, модомики мана шу янги Ўзбекистонда яшаётган эканмиз, журналист, борингки, қаламкаш сифатида унинг янгидан-янги қирраларини кашф қилишга ҳаракат қилишда давом этамиз. Тан олиш керакки, янги Ўзбекистон эскисига чинакамига янги нафас бера олди. Буни барча соҳаларда кузатилаётган ўзгаришлардан, янгиланишлардан ҳам пайқаш қийин эмас. Нонни катта тишласанг ҳам, гапни катта гапирма деганларидек, биз бу ўзгаришларнинг барини бир битикда ифода қила олмаймиз.

Қила олган тақдиримизда ҳам у ёки чала, охирига етказилмаган ишга, ё ялтироқ сўзлар уюмига айланиб қолади. Келинг, шу боисдан бугунги таҳлилий мақоламизда янги Ўзбекистонда хотин-қизлар масалаларига эътиборнинг қай даражада қайта шаклланаётганлигини кўриб чиқамиз.
Янги Ўзбекистон тушунчаси у ер-бу ерда, ОАВ ва минбарларда 2019-йиллардан бошлаб янграй бошладики, худди шу даврдан бошлаб мамлакатда сўз эркинлиги, давлат идораларининг ОАВга нисбатан очилиши ва фуқаролик журналистикаси тенденсиялари юзага келди. Ижтимоий-иқтисодий ҳаёт ва давлат органларидаги кадрлар масаласи қайта кўриб чиқилди. Хўш, аёллар, хотин-қизлар масаласида айнан қандай ўзгаришлар рўй берди?

Энг аввало, махсус дафтарлар тузилди. Қуруқ қошиқ оғиз йиртар деганларидек, ҳар қандай қўллаб-қувватлаш, гап оддий аҳоли ҳақида кетганда, моддий кўмакка бориб тақалгандагина яхшигина резонанс кўрсата олади. Сабаби оч қоринга буюк ишлар қилиб бўлмайди. Янги Ўзбекистонда 2022-йил 31-март куни “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. “Аёллар дафтари” бу ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган, ишсиз хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб бориш бўйича маълумотлар базаси ҳисобланади.

Унга мувофиқ, “Аёллар дафтари”га 30 ёшдан ошган қуйидаги хотин-қизлар киритиладиган бўлди:

  • ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар (бандлиги таъминланмаган, ишлаш истагида бўлган, даромад манбаига эга бўлмаган, шу жумладан, меҳнат қилиш қобилиятини қисман йўқотган, бироқ ишлаш иштиёқи бўлган хотин-қизлар);
  • боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд хотин-қизлар (боқувчиси бўлмаган, қўшимча моддий ёрдамга муҳтожлар);
  • ижтимоий ёрдамга муҳтож И ва ИИ гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар (меҳнатга қобилияциз, ўзгалар парваришига муҳтожлар);
  • уй-жойини таъмирлашга муҳтож И гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар (меҳнат қилиш қобилиятини бутунлай йўқотган, ёлғиз яшайдиган, уй-жойини таъмирлаш имконияти бўлмаганлар);
  • нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган хотин-қизлар (маъмурий бинолар, ертўлалар ва истиқомат қилиш мақсадларига мўлжалланмаган бошқа биноларда ёлғиз ёки оила аъзолари билан биргаликда яшаётган, шунингдек, доимий яшаш учун турар жойи бўлмаган ҳолда уй-жой шароитини яхшилашга муҳтожлар);
  • қарамоғида ногиронлиги бўлган боласи мавжуд ёлғиз аёллар;
  • тиббий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар (ўзи ва биргаликда яшовчи оила аъзолари оғир ижтимоий вазиятда бўлган, сурункали ёки оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган, ногиронлик гуруҳи белгиланмаган, етарли даромад манбаига эга бўлмаганлар);
  • ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож хотин-қизлар (ҳуқуқий маслаҳат олиш истагида бўлган, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида мурожаат қилганлар);
  • психологик маслаҳатга муҳтож хотин-қизлар (тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ижтимоий муаммолари мавжуд хотин-қизлар).

Шунингдек, хотин-қизларнинг муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишлари қуйидаги шаклларда ўрганиладиган бўлди:

  • секторлар ишчи гуруҳлари томонидан бириктирилган маҳаллаларда фуқаролар йиғинлари ходимлари, фаоллари ва маҳалладаги меҳнат инспекторига “жамоатчи ёрдамчи” билан биргаликда барча йўналишдаги муаммоларни ҳар ярим йилда бир маротаба, бунда ярим йиллик биринчи ойининг дастлабки 15 кунида уйма-уй юриш орқали;
  • хотин-қизларнинг мурожаатларини, шу жумладан, “Аёллар маслаҳат кенгаши”га мурожаатларини кўриб чиқиш орқали.

Ушбу тоифаларга кирувчи хотин қизларга тадбиркорлик учун имтиёзлар, субсидиялар, кредитлар тақдим қилиш тартиби “Аёллар дафтари” тўғрисидаги низомда белгилаб қўйилди. Шунингдек, бевосита ва билвосита хотин-қизлар масалаларига даҳлдор бўлган «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари», «Меҳр дафтари», «Олтин дафтар», «Низоли оилалар билан индивидуал ишлаш дафтари» каби лойиҳалар тузилди ва тузилиш бўсағасида турибди.

Иккинчидан, аёллар масалалари давлат раҳбари ва ҳукумат эътиборида
2019 йилда қабул қилинган «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Респубкикаси қонуни хотин-қизлар ҳуқуқлари масалалари ечими томон ташланган катта ижобий қадам бўлди. Бундан ташқари, 2021-йилда қабул қилинган «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори ҳамда «Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамасининг қарорини ҳам бу ўринда эслаб ўтиш лозим.

2021 йил 26 феврал санасида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда мамлакат аҳолисининг қарийб ярмини ташкил қилган хотин-қизлар масалалари кун тартибига чиқди. 2017-2021 йилларда аёллар манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш йўлида 2 та қонун, Президентнинг 6 та фармон ва қарори қабул қилинди. Биринчи марта Сенатда Хотин-қизлар ва гендер тенглиги масалалари бўйича қўмита ташкил этилди. Бундан ташқари, 2022 йил 2 март санасида Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан “Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарор имзоланди. Бугунги кунда 1 минг 400 га яқин хотин-қизлар республика ва вилоят, 43 мингдан зиёди туман ва шаҳарлар даражасидаги раҳбарлик лавозимларида ишлаб келаётганлиги аҳамиятга молик (2021-йил маълумотларига кўра).

«Энг оғир, мураккаб масалаларимиз аёллар бўйича. Халқимизнинг талаби ўсиб бораяпти. Биз шу талабларга муносиб шароит яратиб беришимиз керак. Буни чуқур ҳис қилмаган одам раҳбар бўлиб ишлолмайди», – деган эди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, «Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи» кўрик танловини ўтказиш бўйича, давлат бошқарувида хотин-қизлар фаоллигини ошириш дастури ва «Маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари фаолиятини ташкил этиш» услубий қўлланмаси ишлаб чиқилди. 2021 йил 25 июнда «Маҳаллалардаги ҳолат, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари тўғрисида»ги Сенат қарори қабул қилинди.
Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва, шунингдек, гендер тенглиги масалалари ҳукумат ва давлат раҳбари саражасидаги мавзуга айланиб улгурди. Ва энг муҳими, хотин-қизлар муаммолари ва ОАВ/фуқаролик журналистикаси муносабатлари шаклланди.

ОАВ эркинлиги, цензура масалаларининг сезиларли даражада ижобий томонга ўзгарганлиги ҳамда фуқаролик журналистикасининг вужудга келиши янги Ўзбекистон иборасини тўлиқ очиб бераётган омиллардан бири бўлмоқда дейиш мумкин. Гарчи айрим ижтимоий тармоқларнинг блокланганлиги, интернетнинг «узиб қўйилганлиги» ва бошқа ҳодисалар рўй берган ва яхшигина резонансга сабаб бўлган бўлсада, умуман олганда, сўнгги йилларда ўзбек журналистикаси тараққиётда бирданига бир неча поғона юқорига кўтарилди. Аёллар муаммолари масалалари ёритилиши веб-сайтлар, ННТлар, шунингдек, кўпгина журналист ва блогерларнинг диққат марказидаги ва кун тартибидаги масалага айланди, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳукумат даражасида расмий доираларда тан олинди.

«Одамлар қўрқсин, Ўзбекистон шароитида аёлга қўл кўтариш, тазйиқ ўтказиш ман этилади деган қарорни қилинглар. Энди суд жавоб беради, олдин ҳимоя ордери 30 кун эди, аёл бечора кечириб кетарди, энди бир йилга суднинг қарамоғида, назоратида бўлади. Шуни қонунда акс эттириб, жой-жойига қўйиб беринглар» — Шавкат Мирзиёев.

Хусусан, жорий йилнинг 19 март куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг бўлиб ўтган ялпи мажлисида 2021-йилда тазйиққа учраган хотин-қизларнинг 39 минг 343 нафарига ҳимоя ордери берилгани айтиб ўтилди Сенат Раисининг шахсан ўзи эътироф этдики, “Аёлларга 2020-йилда ҳимоя ордери кам берилганди. Сабаби уларнинг билим даражаси паст бўлган. Ўтган йили тарғибот ишлари яхши бўлгани туфайли аёллар ҳимоя ордерини бемалол олишга муваффақ бўлишяпти. Аммо гап шундаки, улар ҳимоя ордерини олади, лекин бу масала билан тўлиқ ишланмаяпти. Аёлга эътибор бериляпти — у билан психолог ишлайди ёки тиббий ёрдам кўрсатилади. Лекин зўравонлик қилган шахс четда қолмоқда. Масалан, алкоголли ичимлик истеъмол қилган ва аёлига шикаст етказган шахсни олайлик. Аёл реабилитация марказига ётқизилади, лекин зўравон кимса билан соғлиқни сақлаш тизими ишламаяпти. Ёки бўлмаса, ишсиз бўлган фуқаро ҳар куни асабийлашиб, уйдаги аёлига қаттиқ тегиб, хафа қиляпти. Оқибатда аёл ҳимоя ордери олиб чиқиб кетяпти. Эркак ишсизлигича ўтирибди. Бандлик хизмати ўша ерда уни ўқитиб ишга жойламаяпти. Тезкор чоралар кўрмаяпти. У билан ишламаяпти. Ёки зўравонлик қилган одамнинг руҳий ҳолати чатоқ. Психологлар ўша зўравон билан шуғулланмаяпти. Масалага комплекс ёндашиб, биргаликда ҳаракат қилинмас экан, лоқайдлик ҳолатлари давом этаверади. Шунинг учун бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтиришимиз керак”.

Юроқидаги ва шу каби омилларнинг янги Ўзбекистон билан муштарак ҳамда аҳамиятли жиҳати шундаки, аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлатлари бўйича статистик маълумотлар очиқ-ойдин тақдим қилина бошлади. Хусусан, статистикага кўра 2021-йил давомида ички ишлар органларига хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлар юзасидан 39 343 та мурожаатлар келиб тушган. Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида, 39 343 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордерлари расмийлаштириб берилди. Ҳимоя ордерларининг 378 таси вояга етмаган, 9 861 таси ёшлар (18-30 ёш), 29 104 таси 30 ёшдан катта хотин-қизларга берилган.

Мурожаатларни ўрганишда 106 та жинсий, 234 та иқтисодий, 18 777 та руҳий, 13 658 та жисмоний зўравонлик ҳамда 7 174 та тазйиқ ҳолатлар аниқланган. Таҳлилларга кўра, хотин-қизларга нисбатан қайд этилган зўравонлик ҳолатларининг 34 330 таси ёки 87 фоизи оилада содир этилган. Ҳимоя ордерларнинг 26 667 таси турмуш ўртоқлари, 1 559 таси қайноналар, 1 128 таси келинлар ҳамда 9 989 таси бошқа шахсларга нисбатан расмийлаштирилган. Қўлланилган ҳимоя ордерлари натижада 20 769 та ҳолатда оила яраштирилган, 15 142 тасида низо бартараф этилган, 921 тасида оила ажрашган, 2 222 та ҳолатда низо бартараф этилмаган. Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон расмий идоралари муаммони яшириш эмас, уни тан олиш ва ечим излаш томон муҳим қадам қўйдилар.

Асосий мавзуси айнан аёллар муаммоларига қаратилган Nemolchi.uz саҳифасининг очиқ-ойдин ва эркин фаолиятини, бир неча журналист ва блогерларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича (хусусан, Ирина Матвиенко, Ақида Ҳанум) ҳеч қандай ҳадикларсиз қизғин фаолият олиб бораётганини ҳам эътироф этиш керакки, бу омиллар ҳам биз бот-бот тилга олаёган янги Ўзбекистон янгиликларини характерлайди.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, айниқса, хотин-қизлар масалаларида, бизни ислоҳотлар ва янгиланишлар тўлқини ҳали узоқ давом этишига ишонишга ундайди ва шу тўлқинда қўшилиб оқишга илҳом беради. Зеро, янги Ўзбекистонни фақат раҳбарлар, ташкилотлар-у ҳужжатлар эмас, биз – оддий халқ ҳам биргаликда барпо этмоқдамиз.

Дилбар Эламанова

Самарқанд халқаро аэропорти ШҲТ саммити кунлари авиақатновларни тўхтатиб туради
Жамият, Самарқанд13:39 | 19.8.22
Самарқанд халқаро аэропорти ШҲТ саммити кунлари авиақатновларни тўхтатиб туради
Жиззахда ўнга яқин машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди — видео
Жамият, Жиззах12:51 | 19.8.22
Жиззахда ўнга яқин машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди — видео
Ўзбекистонда ҳар йили қанча қаттиқ маиший чиқинди ҳосил бўлаётгани маълум қилинди
Жамият12:15 | 19.8.22
Ўзбекистонда ҳар йили қанча қаттиқ маиший чиқинди ҳосил бўлаётгани маълум қилинди
Бразилия президенти қамалиши мумкин
Жаҳон12:11 | 19.8.22
Бразилия президенти қамалиши мумкин
Россия ва Ўзбекистон хавфсизлик кенгаши котиблари музокара ўтказди
Жаҳон12:06 | 19.8.22
Россия ва Ўзбекистон хавфсизлик кенгаши котиблари музокара ўтказди
Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати салқин бўлади
Жамият12:05 | 19.8.22
Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати салқин бўлади