11:08 | 23.07.22 139

Маймунчечак ва ковидга бир вақтда чалиниш ҳолати аниқланди

Бу дунё бўйлаб кузатилган илк ҳолат ҳисобланди

АҚШнинг Калифорния штатида бир вақтнинг ўзида ковид ва маймунчечакка чалиниш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда «NBC» хабар берди.

Фото: «The Boston Globe»

Маълум қилинишича, бу дунё бўйлаб кузатилган биринчи ҳолат ҳисобланади. Митчо Томпсон исмли америкалик эркак июнь ойининг охирида коронавирусга чалинган. Беморнинг терисида тошма ҳам пайдо бўлган. У шифокорга мурожаат қилган ва унга маймунчечак касаллиги ташхиси қўйилган.

Томпсон касаллик хавфли гриппга ўхшашини айтган ва унда иситма, титроқ, нафас қисилиши ва мушак оғриғи кузатилганини қўшимча қилган.

Маълумот ўрнида, олимлар маймунчечакка чалинганларда жинсий аъзолари, танаси, қўллари ва оёқлари, камдан-кам ҳолларда юз, кафт ва оёқларида тошма чиқишини аниқлаган.

Маймунчечак — кам учрайдиган вирусли касаллик. Ҳасталик аломатлари орасида титроқ, чарчоқ, юқори иситма, бош оғриғи ва юздан бошланиб, тананинг қолган қисмига тарқаладиган тери тошмаси, яра киради. Маймунчечакка қарши махсус даволаш усули, шунингдек, унга қарши вакцина ҳам мавжуд эмас.

Маймунчечак касалланган ҳайвонларнинг қони, сўлаги ёки касал териси, шиллиқ пардалари билан бевосита алоқа қилиш орқали юқишини айтилган. Яна бир омил, бу касал ҳайвонларнинг гўштини истеъмол қилиш ҳисобланади. Шу билан бирга, маймунчечак одамдан одамга ҳаво томчилари орқали ёки жинсий йўл билан юқиши мумкин.

Аввалроқ маймунчечакнинг энг хавфли жиҳати маълум қилинганди. Шунингдек, болалар орасида ҳам маймунчечак аниқланганди.