Ҳафталик дайжест. Қорақалпоғистонда бекор қилинган фавқулодда ҳолат, Тошкентга қайтарилаётган трамвай, Хитойга 404 млн долларлик газ сотган Ўзбекистон
@bugunoqshomi — бир кунда бир марта бериладиган хабарлар канали
Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг сўнгги етти кунликдаги энг муҳим ва сара хабарлари жой олган ҳафталик дайжести.
Қорақалпоғистон воқеалари бўйича янги тафсилотлар: яна 3 киши вафот этди, 3 миллиард 147 миллион сўмлик зарар етган, ҳудудда фавқулодда ҳолат бекор қилинди.
Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов томонидан 18 июль куни брифинг ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон воқеаларига оид қатор янгиликлар янгради. Улар қуйида қисқача келтирамиз.

Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар вақтида олган жароҳатлари оқибати яна 3 киши вафот этди, яна 16 нафар фуқаро шифохоналарда даволанмоқда. Шундай қилиб, воқеалар оқибатида вафот этган фуқаролар сони 21 нафарга етди.
Тартибсизликлар оқибатида фуқаролар ва тадбиркорларнинг мол-мулклари, давлат ва ижтимоий инфратузилма объектларига 3 млрд 147 млн сўм зарар етган.
Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси фавқулодда ҳолат режимини юмшатишни сўраб, Президентга мурожаат йўллади. Шавкат Мирзиёев тегишли фармонни имзолади.
Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг ХХХI сессияси 20 июль куни бўлиб ўтди. Унда депутатлар томонидан ҳудудда 2 июлдан жорий этилган фавқулодда ҳолат режимини юмшатиш юзасидан Шавкат Мирзиёевга мурожаат тасдиқланди.

Шундан сўнг Президент Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолатни муддатидан аввал тугатиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Фавқулодда ҳолат 21 июль куни соат 05:00 дан бошлаб тугатилди.
Пойтахтнинг Шота Руставели кўчаси бўйлаб ҳаракатланадиган трамвайни тиклаш режалаштирилмоқда. Тошкентда бўлиши кутилаётган бу ўзгаришлар ҳақида Каспий денгизи ортида жойлашган Тбилиси мэрияси матбуот хизмати хабар беряпти, қизиқ-қизиқ.

Грузия пойтахти мэри Каха Каладзе ва мамлакат бош вазири Ираклий Гарибошвили расмий ташриф билан Тошкентга келган. Улар 19 июль куни Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Абдулла Арипов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан ҳамроҳликда буюк грузин шоири Шота Руставелли ҳайкали пойига гул қўйган.
Мазкур кўчани тўлиқ реконструкция қилиш доирасида ободонлаштириш, ирригация тизимларини яратиш, пиёдалар ва велосипед йўлакларини қуриш кўзда тутилган. Тегишли қарор 13 июль куни ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев томонидан имзоланган.
Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев Тошкент шаҳар ҳокимлигининг бу «қилиғидан» «хафа». Журналист ушбу хабарни пойтахт ҳокимлиги ўз аҳолиси учун тақдим этмагани, бу хабарни Тбилиси мерияси эъон қилаётганидан дарғазаб. Аъзамхўжаев бошқа кўчаларда ҳам трамвай ҳаракатланиши тикланиши бўйича хабарларни биринчи бўлиб бошқа шаҳарлар, давлатлар эълон қилсин, демоқда.
«Кейин Нурcултон, Ашхобод, Бишкек ҳокимликлари ҳам баёнот берсин: ‘Абай ҳайкали, Маҳтумқули ва Чингиз Айтматов барелъефлари ўрнатилган кўчаларда ҳам трамвайлар йўлга қўйилади’, деб.
Навоий ҳам шу Ўзбекистоннинг эмас, Афғонистоннинг қаҳрамони бўлганидами, Кобул мэриясидан ҳам хабар кутардик: ‘Навоий кўчаси жойлашган Навоий ҳайкали олдидаги трамвай қатнови ҳам қайта тикланади’, деган. Эсиз.
Навоий кўчаси бўйлаб бирор чет эл давлати қаҳрамонининг ҳайкалини ўрнатсак бўлмайдими? Буёқда Муқимий, Лутфий кўчалари ҳам бор (Лутфийдаги трамвай йўли аллақачон сайилгоҳ бўлиб кетган, лекин трамвай учун автойўлни торайтирса бўлади ҳали ҳам).
Майли, Тошкентда кутилаётган янгиликларни, хусусан, ўзбекистонликлар билан ҳам улашгани учун грузияликларга раҳмат! Борингларга шукр!», деб киноя қилган Муҳрим Аъзамхўжаев ўз Telegram каналида.
Тошкентда «шовқинсиз» трамвай ҳаракатини йўлга қўйиш бўйича иккита йўналиш ишлаб чиқиляпти (буни Комил Алламжонов ёки Грузиянинг Тбилиси шаҳри мерияси айтмади лекин).
Транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраевнинг сўзларига кўра, трамвай «шовқинсиз» бўлади ва ТИАни ишлаб чиқишга хорижлик мутахассислар жалб этилади.
«Президентга икки йўналишда таклифлар тайёрлаяпмиз. Биринчиси — ТТЗ массивидан Шимолий вокзалгача, лойиҳа икки босқичда амалга оширилади. Иккинчи йўналиш — Чилонзор кийим-кечак савдо мажмуасидан, яъни ‘Ипподром’дан Шимолий вокзалгача», — дейди у.
«Нега биз бу икки нуқтани танладик? Ушбу икки нуқта орқали Тошкент вилоятидан пойтахтга кўп йўловчилар оқими кириб келади. Бу транспорт оқимининг кириб келишига йўл қўймаслик учун биз бу ерда [метро йўналишлари — таҳр.] такрорланмайдиган трамвай йўналишларини белгилаяпмиз», — дейди Анвар Жўраев.
Қизиқ ишлар: Ўзбекистон Хитойга ўтган олти ой давомида 404 миллион долларлик газ экспорт қилган. Бу ҳақда рус сайтлари ёзяпти (бу бўйича юқоридаги сценарий такрорланяпти — Шота Руставели кўчасидаги трамвай йўли тикланиши ҳақидаги хабарни грузин томони биринчи берганди).

«ТАСС»нинг Хитой бош божхона бошқармасига таяниб хабар беришича, Ўзбекистон ярим йил давомида Хитойга 404 миллион долларлик газ сотган, аммо унинг ҳажми ҳақида маълумот берилмаган. Мамлакат Хитойга газ етказиб бериш бўйича бешинчи ўринни эгаллаган (Туркманистон етакчи).
Россиянинг энергетика сайти — «Neftgaz.ru»нинг ёзишича, 2022 йилнинг тўрт ойида Ўзбекистон Хитойга 132,8 миллион долларлик газ экспорт қилган. Аммо бунда ҳам экспорт қилинган газ ҳажми очиқланмаган. Бундан келиб чиқадики, Хитой Ўзбекситондан газ импортини ўтган икки ойда кескин оширган.
Пойтахтга марказий кўчалардан бирига трамвай йўллари қайтарилиши ҳақида грузинлардан эшитдик, хўп, кўндик, лекин Хитойга қанча табиий газ сотганимизни руслардан ўқишимиз жуда ажабланарли (балки унақамасдирам). Энди навбат қайси соҳага? Қайси давлатнинг нашрларини кузатиб турайлик?!
Қайноқ хабар: аномал иссиқ туфайли ерусти метро поездларининг ҳаракат тезлиги пасайтирилди.

Тошкент метрополитенининг «Ерусти ҳалқа йўли» ва «Сергели» йўлларида метро поездлар ҳаракат тезлиги 25 километр/соатгача туширилди. Поездлар ҳаракат жадвалини меъёрда сақлаш мақсадида «Чилонзор» йўналишининг ерости йўли қисмида («Олмазор»–«Буюк ипак йўли») поездлар тезлиги 40 километр/соатга туширилган.
Шу еригача хабар эди, энди бошидаги «қайноқ» сўзига тегишли жойи: ер усти метро темирйўллари ва уларнинг пўлат қисмларининг ҳарорати жуда юқори бўлиб, +65 даражага етган.
Марказий банк асосий ставкани 1 фоизга пасайтириб, 15 фоиз этиб белгилади.
Марказий банк Бошқарувининг оралиқ йиғилишида асосий ставкани 1 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 15 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Иқтисодчи Миркомил Ҳолбоев ўзининг Telegram каналида бу ҳозирги вазиятда тўғри қарор бўлганини ёзган.
«Сўнгги бир неча ой давомида инфлация даражаси жадал суратлар билан ошиб бормоқда. Аммо ҳозирги инлфацион босимларни асосий ставкани ошириш ёки юқори ушлаб туриш орқали пасайтиришга уруниш самарасиз. Сабаби, инфлацион босимнинг асосий сабаби монетар бўлмаган ҳамда ташқи омиллар билан боғлиқ. Шу сабабли ҳозирги даврда инфлациянинг ошишига монетар инструментлар билан курашиш, катта эҳтимол билан, самара бермайди.
Бундан ташқари ҳозирги вақтда сўм курсига юқори босимлар мавжуд эмас, шундай экан асосий ставканинг 1 фоиз бандга пасайтирилиши тўғри қарор бўлди, деб ўйлайман», деб ёзади иқтисодчи.
Ўзбекистон бензин ва дизель экспортини чеклади. Бу қанча давом этиши номаълум.
Ўзбекистонда 15 июлдан бошлаб мамлакат корхоналарида ишлаб чиқарилган автобензин ва дизель ёнилғисини экспорт қилиш вақтинча чеклади. Бу Вазирлар Маҳкамаси йғилишининг 16 июлда тасдиқланган протоколида назарда тутилган (деб хабар беради «Газета.uz»).

Oхирги ойда 15−16,5 минг тонна атрофида бензин экспорт қилинган, «бу мамлакатнинг ёнилғига бўлган 5−6 кунлик эҳтиёжи дегани».
Нашр манбасига кўра, экспорт чекловидан сўнг, биржа савдосига қўйиладиган бензин ҳажми оширилган, бу «нархларнинг пасайишига олиб келиши керак». Шу билан бирга, ҳукумат ёқилғини импорт қилишга чеклов ўрнатмаган.
Адлиядан янгиликлар: нотариусларга никоҳни қайд этиш ҳуқуқи берилиши мумкин, пенсияни фуқароларнинг мурожаатисиз тайинлаш йўлга қўйилади, «права»ни онлайн алмаштириш имконияти пайдо бўлиши мумкин.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида Адлия вазири Русланбек Давлетов сўзга чиқиб, қатор янгиликларни маълум қилди. Унга кўра, яқин бир йил ичида ёшга доир пенсияни тайинлашни фуқароларнинг мурожаатисиз амалга ошириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, нотариусларга ҳам никоҳни рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқи берилиши мумкин.

Руслан Давлетовнинг сўзларига кўра, ҳар қандай ноаниқликлар пенсия олувчининг фойдасига талқин қилиниши керак.
«Мана шу тизимга бир йилда ўтишга ҳаракат қиламиз. Молия вази рлиги бу ерда асосий ижрочи, жуда яхши жамоа шаклланган, биргаликда амалга оширамиз», — дейди у.
Давлетовнинг (бу бошқа Давлетов, блогер эмас, вазир) таъкидлашича, Ўзбекистонда бугунги кунда фаолият юритаётган 200 та ФҲДЁ ўрнига 1000 та нотариусга мурожаат қилиш имконияти яратилиши мумкин. Бу ҳозир кўриб чиқилмоқда ва тегишли ҳужжатлар алоҳида тақдим этилади.
Ўз навбатида ФҲДЁ органларида туғилиш, никоҳ, ўлим, фамилия ўзгартиришни ягона далолатнома асосида шакллантиришни йўлга қўйиш ҳам режалаштирилмоқда.
Ўзбекистонда эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштиришни тўла рақамлаштириш ва янги гувоҳномаларни почта орқали етказиб беришни йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
«Битта камчилигимиз — гувоҳнома олаётганда имзо чекиши керак, бунинг учун, албатта, ўзи келишига тўғри келяпти. Ҳозир шуни олиб ташлашнинг ҳаракатини қиляпмиз, олиб ташласак, умуман марказга келиш шартмас бўлади. ‘Келманглар деймизʼ, қабул ҳам қилмаймиз. Фақат электрон равишда қабул қиламиз. Тайёрлаб, ҳамманикини почта орқали юборамиз», — дейди адлия вазири.
Ўзбекистонда йўқотилган «права»ни қайта тиклаш учун имтиҳон топшириш тизими бекор қилинди.

Шу пайтгача йўқолган ва транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган гувоҳномаларни ҳайдовчилар имтиҳон топшириб, унинг натижаларига қараб олар эди. Ҳукумат қарори билан шу тартиб бекор қилинди.
Қизиқ тарафи шундаки, бу хабарни биринчи бўлиб Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов тарқатди. Қизиқ-қизиқ.
Тошкентда «шовқинсиз» трамвай ҳаракатини йўлга қўйиш бўйича иккита йўналиш ишлаб чиқиляпти (буни Комил Алламжонов ёки Грузиянинг Тбилиси шаҳри мерияси айтмади лекин).
Транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраевнинг сўзларига кўра, трамвай «шовқинсиз» бўлади ва ТИАни ишлаб чиқишга хорижлик мутахассислар жалб этилади.
«Президентга икки йўналишда таклифлар тайёрлаяпмиз. Биринчиси — ТТЗ массивидан Шимолий вокзалгача, лойиҳа икки босқичда амалга оширилади. Иккинчи йўналиш — Чилонзор кийим-кечак савдо мажмуасидан, яъни ‘Ипподром’дан Шимолий вокзалгача», — дейди у.
«Нега биз бу икки нуқтани танладик? Ушбу икки нуқта орқали Тошкент вилоятидан пойтахтга кўп йўловчилар оқими кириб келади. Бу транспорт оқимининг кириб келишига йўл қўймаслик учун биз бу ерда [метро йўналишлари — таҳр.] такрорланмайдиган трамвай йўналишларини белгилаяпмиз», — дейди Анвар Жўраев.
Қайноққинада яхши кетадиган хабар: Тошкентдаги Ғафур Ғулом боғи 1 сентябрдан иш бошлайди (насиб-насиб).

Парламент (бу сигарет ёки рестораннинг номи эмас, Сенат) юқори палатасининг хабар беришича, бир пайтларда пойтахтнинг энг сўлим жойларидан бири бўлган (қайта очилганда ҳам шундай бўлиб қолади деб умид қиламиз) мазкур боғ шу йилнинг биринчи сентябридан ишлай бошлайди (мустақилликка тенг байрам йўқ, лекин агар, яқин орада шундай бир муҳимроқ байрам бўлганида, балки аномал иссиқ пайтда дам олиш ёки айланиш учун яхшигина жой тезроқ очилган бўлармиди).

Таъкидланишича, боғ ҳудудида олиб борилаётган ишлари Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг доимий назоратида (боғни, айниқса, у ердаги дарахтларни қаттиқроқ назорат қилишини сўраймиз).
Маълумот учун, Ғофур Ғулом боғини Cингапурда рўйхатдан ўтган, асосчиси ўзбекистонлик бўлган «BMP Smart Decision Private Limited» компанияси 49 йилга ижарага олган. Ҳозирда хорижий компания томонидан боғ ҳудудида реконструкция қилиш, бино иншоотларини қуриш ва хориждан олиб келинган аттракционлар ҳамда ўйин қурилмаларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда ва шу мақсадда 71 миллиард сўм маблағ сарфланган.
Путин Шавкат Мирзиёевни Александр Невский ордени билан тақдирлади.

Россия президенти Владимир Путин Шавкат Мирзиёевни «Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари учун» Александр Невский ордени билан тақдирлади.

Фото: Викимедиа
Қашқадарё вилояти прокурори Қорақалпоғистонга ўтказилди.
Эркабой Тожиев Қорқалпоғистон Республикаси прокурори этиб тайинланди. У шу кунга қадар Қашқадарё вилояти прокурори лавозимида ишлаб келган.

Аммо бу жой Тожиев учун бегона эмас — у 2016—2017 йилларда ҳам Қорақалпоғистон Республикаси прокурори лавозимида фаолият юритган. Ҳозирда унинг Қашқадарёдаги ўрни бўш қолмоқда.
Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.