Фоторепортаж: Самарқандда рассомлар учун пленер ташкил этилди
Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитини юқори савияда ўтказишга доир топшириғига мувофиқ Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан Самарқанд шаҳрида мусаввирлар учун пленер ташкил этилди. Унда иштирок этиш учун ШҲТга аъзо давлатлардан таниқли рассомлар ташриф буюрди.

«Пленерда рассомлар икки ҳафта давомида Ўзбекистоннинг диққатга сазовор масканлари тасвирини акс эттиришлари кўзда тутилган. Самарқандда рассомлар Амир Темур мақбараси, Регистон ансамбли, Бибихоним мадрасаси, Ҳазрати Хизр масжиди, Шоҳи Зинда мажмуаси, Сиёб бозори ҳамда Ипак йўли халқаро туризм ва маданий мерос университети каби ташриф қоғозига айланган масканлар тасвирини қоғозга туширишмоқда.
Шу билан бирга, улар Афросиёб музейи, Самарқанд давлат қўриқхонаси, Ўлкашунослик музейи каби маданий мерос обектларининг тасвирини ҳам чизишмоқда», – дейди Бош вазир ўринбосари, Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов.

Ўзбекистон санъат музейи директори Васила Файзиева эса мазкур пленер муҳим воқелик эканлигини таъкидлади.
«Бундай халқаро пленер Ўзбекистонда биринчи марта ўтказилмоқда. Бундан мақсад сентябр ойида режалаштирилаётган ШҲТга аъзо давлатлар саммити ва ушбу саммит доирасидаги кўргазмага тайёргарлик кўришдир.
Айни дамда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо барча давлатларнинг энг машҳур рассомлари Ўзбекистонга келишган. Қозоғистон, Россия, Мўғулистон, Қирғизистон, Покистон, Эрон ва Хитойдан келган моҳир қалам усталари ўз расмларида Ўзбекистоннинг маданий мероси, Самарқанд руҳини акс эттиришмоқда.
Рассомлар, бундан ташқари, Бухорога саёҳат қилиш имконига ҳам эга бўлишди. Бугунги кунда 24 нафар рассом энг машҳур жойларда ишламоқда ва яна шунча рассом август ойи бошида Ўзбекистонга ташриф буюради», – деди у.

Таъкидланишича, Самарқандда ўтказилган Бутунжаҳон жамиятининг «Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори» ВИ Халқаро конгресси меҳмонлари, хорижлик экспертлар ҳам пленерга келиб, рассомларнинг ижод намуналарини кўздан кечиришди.






Эслатиб ўтамиз, Самарқанд шаҳрида cентябрь ойида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига тайёргарлик кўриш бошланган. «Bugun.uz» мухбири бу масала юзасидан Ўзбекистон давлат санъат музейи директори Васила Файзиева билан суҳбатлашиб, тайёргарлик ишлари билан танишганди.


