11:17 | 25.07.22 142

Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати қачон пасайиши маълум қилинди

Жойларда ҳарорат 32 даражагача пастлайди

«Ўзгидромет» ҳафта давомида республика бўйлаб кузатиладиган об-ҳаво маълумотини эълон қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, ҳафтанинг биринчи яримида ҳудудларнинг катта қисмида қуруқ ва жуда иссиқ об-ҳаво сақланиб туради. Кундузи ҳаво ҳарорати 40-43 даража атрофида, жанубда 45 даражагача бўлади.

Фақат Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларига Каспий денгизидан нисбатан салқин ва бироз нам ҳаво массаси тарқалади. Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида 25-26 июль кунлари баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади. Ҳаво ҳарорати 32-37 даражагача пасаяди.

Ҳафтанинг иккинчи ярмида иссиқ об-ҳаво массаси Ўзбекистон ҳудудидан чекинади ва республика бўйича ҳарорат пасая бошлайди. Ҳафта охирига келиб, нисбатан салқин ҳаво массаси республиканинг барча ҳудудларини қамраб олади ва кўпчилик вилоятларда ҳаво ҳарорати 33-36 даражагача пасаяди, фақат энг чекка жанубда 39-41 даражага етади.

25-27 июль кунлари шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда, 28-29 июлда республика бўйича баъзи жойларда шамол 17-22 метр-сониягача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлари билан кузатилиши мумкин.

25-28 июль кунлари Қирғизистон ҳудудидан Фарғона вилоятининг тоғ олди ва тоғли ҳудудлари бўйича: Сўх, Фарғона туманларида ва Сўх, Шоҳимардон, Исфайрамсой дарёларида гляциал (муз) сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта охирида Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати 45 даражагача кўтарилганди.