Хитой аҳолиси 2025 йилга бориб қисқара бошлайди
Бунга сабаб бўлаётган омиллар келтириб ўтилди
Хитой аҳолисининг ўсиши сезиларли даражада секинлашди ва 2025 йилгача камайишни бошлаши кутилмоқда. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Мамлакат Миллий соғлиқни сақлаш комиссиясининг Аҳоли ва оила масалалари бўлими бошлиғи Ян Вэньчжуан бу бўйича маълумот берган. У Хитой расмийлари аҳолининг табиий ўсишининг камайишини бартараф этиш учун курашаётгани, чунки кўплаб ёшлар яшаш нархининг юқорилиги ва стрессли иш туфайли фарзанд кўрмасликни афзал кўраётганини айтган.
Туғилиш маълумотлари шуни кўрсатдики, 2021 йилда бу бўйича кўрсаткич бир нечта провинцияларда энг паст даражани қайд этган. Хунань марказида туғилганлар сони қарийб 60 йил ичида биринчи марта 500 мингдан пасайган. Биргина Хитой жанубидаги Гуандун провинсияцида туғилиш сони 1 миллиондан ошган.
Таъкидланишича, Хитой қонунчилигига 2021 йили аёлларга уч нафар фарзанд кўришга берилган рухсат туғилиш сонини оширмаган. Чунки, кўпчилик аёллар ўзгаришлар жуда кеч амалга ошгани, иш хавфсизлиги ва гендер тенглиги йўқлигини айтган.
Маълумот ўрнида, Хитойда туғилиш даражаси 2021 йилда рекорд даражада пасайган. Жумладан, ҳар 1000 кишига 7,52 туғилиш кўрсаткичи тўғри келган. Бу 1949 йилдан бери қайд этилган энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Мамлакатда 2021 йилда 10,62 миллион бола туғилган, таққослаш учун: мазкур кўрсаткич 2020 йилда 12 миллионни ташкил қилган.
Японияда ҳам 2021 йилда туғилиш кўрсаткичи рекорд даржада пастлаган. Хусусан, 811 минг 604 нафар чақалоқ туғилган, бу 1899 йилдан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади.