Абдулазиз Комилов Афғонистон муваққат ҳукуматининг тан олиниши ҳақида гапирди — видео
Тошкентда АҚШ ва Афғонистон делегациялари биринчи марта расмий учрашув ўтказади
Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов «O‘zbekiston 24» телеканалига берган интервьюсида Афғонистон муваққат ҳукуматининг тан олиниши борасида фикр билдирди.

25–26 июль кунлари Тошкентда «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт» халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.
«Афғонистон тарихида қандайдир янги босқич бошланяпти. Бу Янги Афғонистон қурилишида биринчи қадам Ўзбекистонда ташланади. Биз учун бу жуда катта ютуқ. Конференцияда кўтариладиган масалалар жуда муҳим бўлиб, ўзига яраша тарихий учрашув бўлади деб ният қиламиз.
Тошкентдаги конференцияга 200 дан ортиқ иштирокчилар, 20 дан ортиқ давлатлар, 15 та йирик ташкилотлар вакиллари келяпти… Афғонистон муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири в.б. Амир Хон Муттақий бошчилигидаги делегация, АҚШдан биринчи марта Молия вазирлиги муовини ҳамда Давлат департаментининг махсус вакили келди. Буларнинг икки томонлама учрашуви бўлади, яъни бу каби расмий делегациялар биринчи марта Тошкентда учрашяпти.
Ўзбекистон тарихида шунақа анъаналар бор. Ўз вақтида Покистон, Ҳиндистон ва бошқа давлатлар бу ерда ярашишига оид воқеалар бўлган. Ўйлаймизки, манашу учрашувлар самарали ўтса, ҳақиқатдан ‘музлатибʼ қўйилган активлар [борасида], ҳозирги ҳукуматни тан олишга бу ҳам бир қандайдир ижобий қадам бўлади», — дейди Абдулазиз Комилов.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 21 июль куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи маслаҳат учрашувида сўзга чиққанди. Президент нутқи давомида Афғонистон тинчлиги масаласига тўхталган.
«Афғонистонда узоқ муддатли тинчликни таъминлаш, унинг ижтимоий ва иқтисодий тикланишига кўмаклашиш учун яқин ҳамкорликни давом эттириш бизнинг устувор вазифамиз бўлиб қолиши керак», — деганди давлат раҳбари.