Европа суди Алишер Усмоновнинг даъвосини рад этди
Европа суди россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг Европа Иттифоқи санкциялари рўйхатига киритилганига норозилик билдирган даъвосини кўриб чиқиш сўровини рад этди. Бу ҳақда «Bild» хабар берди.

Алишер Усмонов санкцияларни бекор қилишдан ташқари Европа Иттифоқидан 20 минг доллар миқдоридаги суд харажатларини тўлашни талаб қилган. Суд олигархнинг бу талабини ҳам қониқтирмаган.
Бунгача нималар юз берган
2022 йилнинг март ойида россиялик олигарх Алишер Усмонов виллалари жойлашган Баварияни тарк этиб, Ўзбекистонга жўнаб кетган. Айни пайтда Европа Иттифоқи Усмоновнинг активларини музлатиб қўйган. Украинадаги уруш туфайли Усмонов виллалари ва яхтасидан фойдалана олмади.
Европа Иттифоқи вакиллари Усмоновнинг Россия президенти Владимир Путинга яқинлиги туфайли шундай қарорга келган. Бундан ташқари, олигарх Путиннинг маслаҳатчиси Валентин Юмашевга олти миллион доллар ўтказгани ҳақида маълумот берилган.
Шу билан бирга, Усмоновга берилган кўчмас мулк амалда Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари ва мамлакат собиқ президенти Дмитрий Медведевга тегишли бўлгани айтилган. Алишер Усмонов шахсий жазо чораларига рози бўлмаган ва уларга суд орқали эътироз билдиришга уринган.



