Фарғонада аёл ичкиликка ружу қўйган эрини ғўла билан уриб ўлдирди — видео
Фарғонада аёл доимий равишда маст ҳолда келадиган эрини қасддан ўлдирди. Бу ҳақда «Миллий» телеканалининг «Миллар» информацион дастурида маълум қилинди.

Жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман суди маълумотларига кўра, аёл маст ҳолатда келиб жанжал кўтарган эрининг ўзини-ўзи ҳимоя қила олмаслигини била туриб, унинг қаршилигини синдириш мақсадида қўл ва оёқларини боғлаган. Шундан сўнг, у хонадонда мавжуд ўтин-ғўла билан эрининг боши ва танасининг турли жойларига урган. Кейин эса мато билан унинг бурун ҳамда оғзини беркитиб, қасддан ўлдирган.
Суд томонидан айбланувчининг ҳимоячиси ва жабрланувчининг яқинлари томонидан айтилган сўзлар диққат билан тингланган ва ҳукм чиқарилган. Суд ҳукмига кўра, айбланувчи Жиноят кодексининг 97-модда (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «в» банди билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 10 йил муддатда озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.
Аввалроқ Бухорода эркак жанжал сабаб хотинини пичоқлагани, Андижонда аёл ўзаро жанжал оқибатида эрини пичоқлаб ўлдиргани хабар қилинганди.


