Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университети ҳақида фикр билдирди
Бутунжаҳон жамиятининг «Ўзбекистон маданий мероси — янги Уйғониш даври асоси» VI Халқаро конгресси иштирокчилари 24-июл куни «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университетига ташриф буюрди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Конгресснинг 300 дан ортиқ иштирокчилари университет фаолияти билан яқиндан танишди. Уларга халқаро университетлар ва туризм ташкилотлари билан ҳамкорлик натижалари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Иштирокчилар, шунингдек, ўқув-ишлаб чиқариш мажмуасида бўлишди. У ердаги меҳмонхона хоналари, бар-ресторан, анжуманлар зали, олий ўқув юрти ошхонасини кўздан кечиришди.

Шунингдек, Буюк Ипак йўлининг ноёб тарихий элементлари билан танишишди. Айни пайтда ШҲТга аъзо қатор мамлакатлардан келган санъат усталари фаолият юритаётган универсал спорт залида ҳам бўлишди. Маданий меросни асраб-авайлаш бўйича ноёб китоблар жамланган университет кутубхонаси эса меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
«Мазкур университетда туризм борасида ўзингизга керакли билимларни ўрганишингиз учун барча имкониятлар яратилган. Замонавий ўқув хоналари, шарт-шароитлар, етакчи мутахассислар — ҳаммаси мукаммал даражада.
Айнан шунинг учун ҳам ‘Ипак йўли’ халқаро туризм ва маданий мерос университетини Самарқандни сайёҳлик маскани сифатида ривожлантириш учун идеал маскан, деб бемалол айта оламан», — деди Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси, эксперт Фредерик Старр.
Ташриф давомида бош вазирининг ўринбосари, туризм ва маданий мерос вазири, «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университети ректори Азиз Абдуҳакимов раҳбарлигида кутубхонага энг қисқа вақт ичида 20 мингга яқин китоб олиб келингани таъкидланди.
Бу китоблар туризм, санъат, тарих, археология, этнология, геосиёсат, иқтисодиёт, маданиятшунослик, диншунослик, тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик, архитектура, маданий мерос каби соҳаларга оид бўлиб, дунёнинг барча ҳудудларида нашр этилгани ҳақида батафсил маълумот берилди.