
Нидерландияда мактаб ўқувчиларининг Google’дан фойдаланиши тақиқланди
Нидерландия таълим вазирлиги маълумотлар махфийлиги билан боғлиқ муаммолар туфайли Chrome OS ва Chrome веб-браузеридан фойдаланишга чекловлар жорий қилди. Бу ҳақда «Bleeping Computer» хабар берди.

Маълум қилинишича, чеклов 2023 йил августигача амал қилади. Расмийлар Google хизматлари ўқувчилар маълумотларини йиғиб, уларни йирик реклама тармоқларига тақдим этаётганидан хавотир билдирган. Шунингдек, Европа Иттифоқининг маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича умумий регламентини бузиш билан боғлиқ хавотирлар мавжуд.
Google хизматларидан фойдаланмоқчи бўлган таълим муассасалари ва мактаблар қўшимча тавсия этилган амалларни бажариши керак бўлади. Хусусан, фойдаланувчи маълумотларини сизиб чиқиши мумкин бўлган веб-сайтларда автоматик таржима қилиш ва имлони текшириш каби хизматларини ўчириб қўйиш талаб қилинади.
Бундан ташқари, Google Cloud маълумотларини сақлаш учун географик жойлашув Европага ўрнатилиши ва фойдаланувчилар созламаларни ўзгартира олмаслиги керак. YouTube «кенгайтирилган махфийлик режимида» ишлатилиши керак ва Google қидирув тизимидан бутунлай чиқариб ташланиши керак.
Аввалроқ Google Қозоғистон жосуслик дастуридан фойдаланганини тасдиқлаганди. Шунингдек, Қозоғистонда «Google солиғи» жорий этилгани ҳақида хабар берилган.





