17:15 | 26.07.22 107

Нукус яқинидаги полигонда 6 та ит жасади топилди

Аввалроқ бу ерда 100 дан ортиқ ит ва мушукларнинг жасади топилгани рад этилганди

Нукус шаҳри яқинидаги полигонда 100 дан ортиқ ит ва мушукларнинг жасади топилгани, улар шафқатсизларча ўлдирилгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик Нукус шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати бу хабарни рад этган. Аммо Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ахборот хизмати у ердан итларнинг жасади топилганини маълум қилди.

Фото: «Меҳр ва Оқибат»

Маълум қилинишича, Нукус шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўлими мутахассислари воқеа жойига бориб вазиятни ўрганган. Жараён давомида 6 та ит ўлик таналари топилган, аммо уларда боғлаш ва қийнаш аломатлари йўқлиги аниқланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан текшириш ишлари олиб борилмоқда. Ҳолат Қорақалпоғистон прокуратураси томонидан назоратга олинган.