Ўзбекистондаги маҳаллаларда микромарказлар ташкил этилади
«Маҳаллаларда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик ва чорвачилик микромарказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Қарор билан жами 421 та маҳаллада юридик шахс мақомига эга саноат, ҳунармандчилик, касаначилик ва чорвачилик микромарказлар ташкил этилади. Микромарказларни ташкил қилиш учун давлат мулки объектлари ва ер қуйидаги шартлар асосида тадбиркорларга 5 йил муддатга ижарага берилади:
- ўз маблағлари ҳисобидан объектни реконструкция қилиш ёки капитал таъмирлаш ёхуд ер участкасида бино-иншоотларни қуриш;
- микромарказда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик фаолият йўналишлари бўйича камида 10 та ёки чорвачилик йўналиши бўйича камида 3 та иш ўрнини яратиш ва таъминлаб бориш.
Микромарказлар фойдаланишга топширилган кундан 3 йил муддатга ташкил этилган микромарказлар объектлари ва улар жойлашган ер участкалари бўйича юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва мол-мулк солиғи учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилади.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Шавкат Мирзиёев иштирокида мактаб таълимини ислоҳ қилиш бўйича йил бошида белгиланган топшириқлар ижроси, йил якунига қадар устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда педагогларни ўқитиш учун Миллий таълим марказлари ташкил этилиши маълум қилинганди.


