Тошкент вилоятида 130 кг гиёҳванд модда айланмасига чек қўйилди
Тошкент вилоятида 2022 йилнинг 6 ойида 136 килограммдан ортиқ наркотик моддалар муомаладан олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

«Қора дори-2022» тезкор-профилактик тадбирларининг биринчи босқичида таркибида гиёҳванд моддалар бўлган ўсимликларни етиштириш билан боғлиқ 112 та ҳолат аниқланиб, 1996 метр/квадрат ер майдонидаги кўкнор, каннабис ва ёввойи наша каби гиёҳвандлик ўсимликлари йўқ қилинган.
Ушбу тадбир давомида гиёҳвандлик воситаларини сотиш ва сақлаш билан боғлиқ жиноятлар фош этилиб, 58 килограммдан ортиқ гиёҳванд моддалар айланмасига чек қўйилган. Мазкур тадбирлар давомида йилнинг ўтган 6 ойида жами 136 килограммдан ортиқ наркотик моддалар муомаладан олинган. Ҳолатлар юзасидан тегишли тартибда жиноят ишлари қўзғатилган.
Шу каби, кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жами 28 та жиноий ҳолат аниқланиб, қора бозордаги нархи тахминан 2 миллиард сўмга тенг бўлган жами 29 289 дона ёки (психотроп ва кучли таъсир қилувчи) дори воситалари муомаладан олинишига эришилган.


