Тошкентда ариққа қўйлар териси ташлаб кетилгани маълум бўлди
Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги ариққа 30 дан ортиқ мушукнинг жасади ҳамда териси ташлаб кетилгани ҳақида хабар тарқалганди. Туман ҳокимлиги ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, аслида у қолдиқлар қўйларнинг қолдиқлари бўлиб, маҳалла фуқаролари томонидан сўйилиб, ариққа оқизиб юборилган. Мазкур ҳолатдан хабар топилгач, туман ободонлаштириш бўлими ходимлари томонидан ариқ тозаланиб, фуқароларга бундай ҳолатни такрорламаслик бўйича тушунтириш ишлари олиб борилган.
«Бундай ҳолатларнинг келиб чиқиши экология ва инсон саломатлигига зарар эканлигини инобатга олиб, фуқароларимиздан атроф-муҳит тозалигига бееътибор бўлмасликларини сўраб қоламиз», дейилади муносабатда.

Эслатиб ўтамиз, Нукус шаҳри яқинидаги полигонда 100 дан ортиқ ит ва мушукларнинг жасади топилгани, улар шафқатсизларча ўлдирилгани ҳақида хабар берилганди. Нукус шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати бу хабарни рад этган.
Аммо кейинчалик Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ахборот хизмати у ердан итларнинг жасади топилганини маълум қилган. Жараён давомида 6 та ит ўлик таналари топилган.




