Андижонда 25 июль куни «Ҳизб ут-Таҳрир» фаолиятини тарғиб қилган эркак ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, шу куни виллоятда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўзаро ҳамкорлигида тадбир ўтказилган.
Жараёнда Хўжаобод туманида яшовчи Ўзбекистон фуқароси, муқаддам судланиб озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо муддатини ўтаб чиққан Р.М Facebook ижтимоий тармоғида профиль яратиб, ушбу профили орқали «Ҳизб ут-Таҳрир»нинг ғояларини илгари сурувчи видео материалларни ўзининг дўстлар саҳифасидаги 187 нафар сайт фойдаланувчиларига тарқатиб келгани аниқланган.
Қайд этилишича, у муқаддам «Ҳизб ут-Таҳрир»даги фаолияти учун судланиб озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан. Мазкур ҳолат юзасидан Хўжаобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 244-1 моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш), 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Аввалроқ Самарқандда «Ҳизб ут-Таҳрир» аъзоси 6 йилга қамалганди. Шунингдек, Тошкентнинг Сирғали ва Олмазор туманларида яшовчи «Ҳизб ут-Таҳрир» аъзоларининг фаолиятига чек қўйилганди.


