Бугун оқшоми. Бу йил мажбурий бўлмайдиган мактаб формаси, Самарқанддаги иссиқ ҳарорат рекорди, NATO’га раҳбар бўлиши мумкин бўлган Борис Жонсон

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Бугунги дайжестни кечаги куннинг энг муҳим хабари билан бошлашга қарор қилдик (зеро, тарихсиз келажак йўқ): Комил Алламжонов ҳукуматга қайтди. У Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан Президент администрацияси раҳбарининг (яъни Сардор Умурзоқовнинг) ўринбосари бўлди. Алламжонов янги лавозимида жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ахборот сиёсатига масъул бўлади.

Фото: Telegram / @allamjonov_ki

Сўнг Алламжонов Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси лавозимидан кетгани, шу билан бирга, бизнесларини ҳам бошқаларга топширганини маълум қилди. Бизга шерик «Kommers.uz» нашри администрацияс раҳбарининг янги ўринбосарига тегишли бизнеслар рўйхатини бир жойга тўплади, уларнинг ичида сизга танишлари ҳам бор, масалан, «Миллий» ТВ ва Ягона имтиҳон маркази, хуллас — қизиқ, танишиб чиқинг, лекин энди улар Комил Алламжоновга қарамайди.

Табиийки, Алламжоновнинг янги лавозимга тайинланиши жамоатчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлди. Кўпчилик юмор қилди, лекин бунинг ортидан Твиттернинг блокдан чиқариш мавзуси яна актуаллашди. «Bugun.uz» блогер ва ижтимоий тармоқ фаолларининг бу бўйича эълон қилинган постларини бир жойга жамлади: «Энди блокировкалар ечилса керак». Алламжоновнинг ПАга қайтиши қизғин муҳокама қилинди.

Энг кўпи — Тошкентда, энг ками — Фарғонада. Энг бойи — банкирлар. Ўртача ойлик иш ҳақи тўғрисида маълумот берилди.

Скриншот: Давлат статистика қўмитаси

Ўзбекистон бўйича 2022 йилнинг январь–июнь ойларида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 3,5 миллион сўмни ташкил этиб, 2021 йилнинг мос даврига (2,9 миллион сўм) нисбатан 119,3 фоизга ошди. Статистика қўмитаси берган маълумотларга кўра, 2022 йил январь–июнь ойларида иқтисодий фаолият турлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг баланд кўрсаткичи — банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти соҳасига тўғри келиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш даражаси 124,8 фоизни ташкил этган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп иш ҳақини Тошкент (5,48 миллион сўм), Навоий (4,85 миллион сўм ) ва Тошкент вилояти (3 миллион 96 минг сўм) аҳолиси олган. Энг кам иш ҳақи эса Фарғон ва Самарқанд вилоятларида — 2 миллион 663 минг сўмдан. Бошқа ҳудудлардаги иш ҳақи билан бу ерда ёки юқоридаги инфографикада танишиб чиқишингиз мумкин.

Рекордлар ҳафталиги: Самарқандда кетма-кет иккинчи йил жазирама рекорди янгиланди. 

Фото: «Bugun.uz»

26 июль куни Самарқандда кундузи ҳавонинг максимал ҳарорати 40,9 даражага чиққан. Шаҳарда бундан олдинги энг юқори ҳаво ҳарорати 2021 йилда кузатилган — 40 даража. 26 июлда ҳавонинг ўртача кунлик ҳарорати 31,8 даражани ташкил этган бўлган, 2021 йилнинг шу кунида ўртача кеча-кундузлик ҳарорат 26,5 даража бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 25 июль куни Термизда кундуз куни ҳавонинг максимал ҳарорати 45,7 даражага чиқиб, 115 йиллик рекорд янгиланган, ўтган ҳафта охирида эса Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати 47 даражагача кўтарилганди.

Аммо яхши хабарлар ҳам йўқ эмас: 28–29 июль кунлари республиканинг аксарият қисмида қисқа муддатли ёмғир ёғади, шунингдек, ҳаво ҳарорати нисбатан пасаяди.

Россия Ўзбекистонга маймунчечакни аниқловчи тестларни топширди. Бу ҳақда русларнинг ўзи хабар берди, Ўзбекистон томони (доимгидек) жим.

Россия Ўзбекистон, Арманистон, Қозоғистон ва Туркманистонга маймунчечакни аниқлаш учун тест тизимлари топширди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди, бу ҳақдаги маълумотни на ССВ, на унинг матбуот котиби, бошқа бир расмий манба бермади («Россиядан шунча тест келди, опқолдик, мана, энди бизам маймунчечакни аниқлашимиз мумкин, яқин орада Нурмат Отабеков кўриниш бериб қолиши мумкин» ёки етиб келмаган бўлса, «йўқ, биз олмадик ёки йўлда», деб қўйиш қийинми?).

Фото: «РИА Новости»

«ʼРоспотребнадзорʼ [«зор» билан тугайдиган ташкилотлар ўзи жуда қизиқ ва баъзида қўрқинчли] томонидан Россия тест тизимлари Арманистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистонга топширилди. Бундан ташқари, ҳамкор мамлакатлардаги ҳамкасблар учун маймунчечакнинг лаборатория диагностикаси бўйича махсус семинарлар ташкил қилинади», дейилади хабарда.

Хай, нима бўлганда ҳам, русларнинг айтишича бўйича, бизда маймунчечакни аниқлайдиган тест бор (аввал ҳам бўлган(дир), чунки, «Ўзбекистонда бу касаллик аниқланмади», дейиш учун ҳам тест бўлиши керак-ку).

Ўзбекистонда бу йил мактаб формаси мажбурий бўлмаслиги маълум қилинди. Ягона формасига 2025 йилгача босқичма-босқич ўтилади. Мактабларда рўмол ўрашга ҳам тақиқ қўйилмайди.

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидовнинг сўзларига кўра, 2022 йил сентябрь ойидан янги ўқув йилида ота-оналар учун ягона формани харид қилишга мажбурий талаб қўйилмайди ва мактабга ягона формада келмаган ўқувчиларга нисбатан ҳеч қандай эътирозлар билдирилмайди (эслаб қолинг, баёнотнинг бир муҳим қисми).

Бахтиёр Саидов
Фото: АОКА

Шунингдек, ўзбек миллий қадриятлардан келиб чиқиб, ўқувчи-қизларнинг мактабга очиқ рангдаги миллий рўмолни бошнинг орқа томонидан ўраган ҳолда келишлари маън этилмайди. Ўқувчи-қизларнинг юбка ва кофта енгларининг узунлигини узайтиришга рухсат берилади, аммо белгиланган ўлчамдан калта бўлиши мумкин эмас.

Мактаб формасини айнан бирор тадбиркордан/корхонадан харид қилиш бўйича мактаб маъмурияти томонидан мажбур этилмайди ва бундай ҳолатга йўл қўйилмайди (эслаб қолинг, баёнотнинг яна бир муҳим қисми).

Бошқа хабарлар пунктларда:

  • Ўзбекистонда «заправка»лар икки ойда салкам 42 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди;
  • Mобил алоқа хизматларига нисбатан солиқ ставкалари 10 фоиз этиб белгиланди (илгари 15 фоиз эди);
  • Ўзбекистонда балиқни кооперация асосида етиштирувчилар барча солиқлардан озод қилинади.

Хўш, оламда нима гап?

Тез орада ўз лавозимини тарк этадиган Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон NATO’нинг навбатдаги бош котиби бўлиши мумкин.

Фото: «Bloomberg»

«The Telegraph»нинг хабар беришича, истеъфодан кейин Жонсон Украинани кучли қўллаб-қувватлаши фонида юқори лавозимсиз қолиши даргумон. Жонсоннинг НАТО бош котиби лавозимига номзод сифатида кўрсатилишини Мудофаа қўмитаси аъзолари Ричард Дракс ва Марк Франсуа, шунингдек, Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши бўйича собиқ вазири Дэвид Жонс қўллаб-қувватламоқда.

«Агар у NATO бош котиби лавозимига ариза берса, менимча, у тавсиялар учун президентга мурожаат қилиши мумкин», — деган Франсуа.

Нашрнинг Британия Мудофаа вазирлигидаги манбаси Жонсоннинг альянс бош котиби этиб тайинланишига шубҳа қилмоқда. Анонимлик шарти билан гапирган расмийнинг айтишича, Франция президенти Эммануэль Макрон бундай тайинловга вето қўйиши мумкин.

«Ҳақиқат шундаки, NATO вакиллари якдил қарор билан тайинланади. Ҳар қандай давлат вето қўйиши мумкин. Сизнингча, президент Макрон NATO бош котиби лавозимига Борис Жонсон номзодини илгари сурадими? Бу Британия учун чақириқ. Сизни АҚШ қўллаб-қувватлаши ва франсузлар ‘ҳа’ дейиши керак», — деган расмий.

NATO’га ҳозирда Йенс Столтенберг бошчилик қилмоқда. У бу лавозимга 2014 йилда 5 йил муддатга тайинланган, бироқ 2019 йилда унинг ваколати 2022 йил октябригача узайтирилган. Украинадаги уруш сабабли NATO’га аъзо давлатлар Столтенберг 2023 йил 30 сентябргача қолишига қарор қилган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Ўзбекистонда ҳар йили қанча қаттиқ маиший чиқинди ҳосил бўлаётгани маълум қилинди
Жамият12:15 | 19.8.22
Ўзбекистонда ҳар йили қанча қаттиқ маиший чиқинди ҳосил бўлаётгани маълум қилинди
Бразилия президенти қамалиши мумкин
Жаҳон12:11 | 19.8.22
Бразилия президенти қамалиши мумкин
Россия ва Ўзбекистон хавфсизлик кенгаши котиблари музокара ўтказди
Жаҳон12:06 | 19.8.22
Россия ва Ўзбекистон хавфсизлик кенгаши котиблари музокара ўтказди
Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати салқин бўлади
Жамият12:05 | 19.8.22
Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати салқин бўлади
Йилига 500 мингта автомобиль: «UzAuto Motors» ишлаб чиқариш ҳажмини кескин оширади
Жамият11:30 | 19.8.22
Йилига 500 мингта автомобиль: «UzAuto Motors» ишлаб чиқариш ҳажмини кескин оширади
Путин ва Си Цзиньпин G20 саммитига боради
Жаҳон11:10 | 19.8.22
Путин ва Си Цзиньпин G20 саммитига боради