Навоийда ҳамшираликка киритиб қўйиши учун фуқародан пул олган бош ҳисобчи ушланди
Навоий вилоятининг Хатирчи туманида ишга киритиб қўйиш эвазига пора олган бош ҳисобчи қўлга олинди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.

Маълум қилинишича, департаментнинг Хатирчи туман бўлими томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда туман тиббиёт бирлашмаси бош ҳисобчиси Б.Ш. фуқаро Г.ни танишлари орқали ҳамширалик вазифасига ишга киритиб қўйиш эвазига 5,5 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Нукусда фуқароларни ишга жойлашини айтиб, 22 миллион сўм «ишламоқчи» бўлган аёл ушлангани маълум қилинган. Шунингдек, Тошкентда «Миллий» стадионига қоровулликка ишга жойлаш эвазига фуқародан 1,5 минг доллар талаб қилганлар ушлангани хабар қилинган.


