Путин Эрдўғонга Россияда «Байрактар» заводини қуришни таклиф қилди
Ҳозирда олтита давлат «Байрактар» дронларидан фойдаланади
Туркиянинг дрон ишлаб чиқарувчи «Байрактар» компанияси БААда завод очгач, Россия президенти Владимир Путин Россияда ҳам худди шундай саноат объектини қуришни таклиф қилди. Бу ҳақда «Middle East Eye» портали хабар бермоқда.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Теҳрондаги йиғилишда Путин унга «Baykar» билан зарба берувчи учувчисиз самолётлар ишлаб чиқариш бўйича шартнома тузиш таклифи билан мурожаат қилганини айтган.
«Путин менга ‘Baykar’ билан ишлаш хоҳишини билдирди. У БААдаги каби Россияда ҳам ‘Baykar’ заводи қуришни таклиф қилди», — деган Эрдўғон.
«Baykar» раҳбарияти компания БААда учувчисиз учиш техникаси ишлаб чиқарувчи завод очганини рад этади. Компания-ишлаб чиқувчиси Россияга дронларни етказиб бериш имконияти ҳақида изоҳ беришдан бош тортган. Бироқ, компанияга яқин одамларга кўра, «Байрактар» компанияси БААда ишлаб чиқариш линиясини ишга туширишни режалаштирмоқда.
Ўз навбатида, «Байрактар» компанияси раҳбари Халук Байрактар Россияга дронлар етказиб бермаслигини, чунки Украинани қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.
«Биз уларга ҳеч нарса етказиб бермадик. Келажакда ҳам буни амалга оширмаймиз. Чунки биз Украинани қўллаб-қувватлаймиз», — деган у.
У Анқаранинг Киев билан алоқалари мудофаа ва аерокосмик саноатда стратегик даражада эканини айтган. Халук Байрактар Украинани дронлар билан қўллаб-қувватлаши, у ердан ўз қурилмалари учун двигателларни сотиб олишини таъкидлаган.
Сўнгги йилларда Туркия нафақат ўз қуролли кучлари эҳтиёжларини қондириш, балки экспорт учун ҳам жанговар учувчисиз самолётлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Айни пайтда Туркиянинг Байрактар TB-2 учувчисиз учоқларини олтита давлат ишлатмоқда: Озарбайжон, Қатар, Ливия, Марокаш, Польша ва Украина. Бундай турдаги дронлардан Тоғли Қорабоғ, Сурия ва Ливиядаги жанговар ҳаракатларда фойдаланилган.
Аввалроқ Қирғизистонда «Байрактар» иштирокидаги ҳарбий машғулотлар бошланганди.