17:25 | 27.07.22 348

Россия бошқа давлатлар ҳарбийлари иштирокида машғулотлар ўтказади

Улар қаерда ва қачон бўлиб ўтиши маълум қилинди

Россияда 30 августдан 5 сентябргача Бош штаб бошлиғи бошчилигида «Восток–2022» қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари бўлиб ўтади. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Маълум қилинишича, машғулотлар Шарқий ҳарбий округда ўтказилади. Манёврларнинг Украина билан урушга алоқаси йўқлиги таъкидланмоқда. Ҳарбий машқлар давомида шарқий минтақада ҳарбий хавфсизликни таъминлашда қўшинлардан фойдаланиш масалалари ишлаб чиқилади.

Машғулотларга ҳаво-десант қўшинлари, узоқ масофали авиация ва ҳарбий транспорт авиацияси, шунингдек, бошқа давлатларнинг ҳарбий контингентлари ҳам жалб этилади. Ҳаммаси бўлиб машқлар 13 та полигонни қамраб олади.

Россия Мудофаа вазирлигидаги «бошқа мамлакатлар контингенти» остида Беларусь ҳарбийлари назарда тутилиши мумкин. Беларусь ОАВлари 2022 йил февраль ойида Россия ҳарбийлари билан полигонларда қўшма машғулотлар ўтказилиши ҳақида хабар берганди.

Аввалроқ Қирғизистонда КХШТ махсус кучларининг машғулотлари бўлиб ўтиши маълум қилинганди. Шунингдек, Қозоғистон Россиянинг геосиёсий режалари сабабли ҳарбий бюджетини оширганди.