Туркманистон ва Тожикистон нега дўстлик шартномасини имзоламади?
Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари 21 июль куни Чўлпонотада Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолаганди. Туркманистон ва Тожикистон нима учун бу келишувни имзоламагани маълум қилинди.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубоев мазкур масалага ойдинлик киритган. У тегишли келишув Қозоғистон томонидан тайёрланганини айтган.
«Биз бу келишув устида узоқ вақт ишладик. Томонлар бу декларация ёки келишув бўлишини муҳокама қилди. Биз экспертлар даражасида узоқ муҳокама олиб бордик, якуний хулоса вазирлар даражасига қўйилди, улар ниҳоят пунктларга рози бўлди. Шундан сўнг биз ички тартибларни амалга оширишни бошладик.
Саммитдаги барча президентлар бу масалани муҳокама қилди. Туркманистон ва Тожикистон имзо чекмади. Бунга техник муаммо сабаб бўлган. Улар ички процедураларни ўтказаётганини тушунтирди. Улар 2–3 ҳафталик танаффус сўради. Ишончимиз комилки, қўшнилар имзо чекади», — деган Кулубоев.
Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учрашуви 21 июл куни Чўлпонотада бўлиб ўтган. Унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарлари иштирок этган.




