Бугун оқшоми. Ўзбекистонга келган Лавров, АҚШнинг янги элчиси, «Labo»нинг орқасида чўмилиш — 10 сутка

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ўзбекистонда ОТМларга қабул якунланди. Тўлов қилишга улгурмай қолган абитуриентларга қўшимча вақт берилди.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистонда 27 июль куни 2022/2023 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш якунланди. Қабул якунига кўра, онлайн рўйхатдан ўтган ва таълим йўналишларини танлаган абитуриентлар сони 1 214 232 нафарни ташкил этган. Шундан:

  • 395 023 нафари — 2022 йил битирувчилари;
  • 819 209 нафари — аввалги йиллар битирувчилари.

Абитуриентларнинг доимий яшаш ҳудуди бўйича тақсимотига кўра, энг кўп Қашқадарё вилоятидан абитуриентлар олий таълим даргоҳларига ҳужжат топширган — 140 797 нафар. Бу борадаги энг кам кўрсаткични Сирдарё вилоятига тегишли — 45 413 нафар.

27 июль куни (қабулнинг сўнгги куни) ҳам кўплаб абитуриентлар онлайн рўйхатдан ўтгани ва аксарияти тўловни амалга оширишга улгурмаган. Шу сабабли уларга қўшимча имконият берилди (ва буни ўқиб турганингизда унинг ҳам вақти ўтиб бўлди) 28 июль куни соат 18:00 қадар тўловни амалга оширишлари мумкин бўлди.

Ҳурматли абитуриентлар, келажак имтиҳонларингизда омад тилаймиз. Кейинги сафар сизга мурожаат қилаётганларида студент, кейинчалик исм-шарфингизни айтиб чақиришсин.

Жонатан Ҳеник АҚШнинг Ўзбекистондаги янги элчиси бўлди. Дэниел Розенблюм фаолиятини Қозоғистонда давом эттиради.

Фото: «mfa.gov.kg»

АҚШ Сенати 27 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда Жонатан Ҳеникни мамлакатнинг Ўзбекистондаги янги элчиси лавозимига тайинлади.  Ушбу лавозимни 2019 йил май ойидан буён эгаллаб келган Дэниел Розенблюм АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси бўлди.

«Мен АҚШ қизиқишларини илгари суриш ва Ўзбекистон билан стратегик шериклигимизни, икки томонлама хавфсизлигимиз, халқлар ва иқтисодий алоқаларимизни мустаҳкамлаш, биз баҳам кўрадиган демократик қадриятларни илгари суриш учун ҳаракат қиламан.

Шунингдек, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида ходимлар жамоавий иш ва ҳурматни қадрлайдиган инклюзив иш муҳитини яратишга ҳаракат қиламан», — деган Ҳеник тайинлов лавозими нутқида.

Жонатан Ҳеник Нью-Йоркда туғилган, рус, португал, турк ва озарбайжон тилларини билади. У Гавайи университетининг сиёсатшунослик фанлари номзоди, Колумбия университетида халқаро муносабатлар бўйича магистр ва Колумбия коллежи бакалаври ҳисобланади. Бундан ташқри, дипломат маслаҳатчи мақомига эга АҚШ Ташқи ишлар хизматининг юқори мартабали ходими.

ШҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Ўзбекистонда. Мамлакат расмийлари улар билан учрашувлар ўтказди. Асосий тадбирлар эртага бошланади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тошкентда 29 июль куни Ўзбекистон раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтади. Унда иштирок этиш учун баъзи делегациялар етиб келди. Улар расмий тадбирлардан олдин Ўзбекистондаги ҳамкасби, Шавкат Мирзиёев ва бир нечта расмийлар билан учрашди. Хусусан, Президент Хитой ташқи ишлар вазири Ван И ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни қабул қилди.

Фото: Россия ТИВ

Бундан ташқари, давлат раҳбари бугун амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турган Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлуни ҳам қабул қилди. Шунингдек, Сойлу ўзбекистонлик ҳамкасби Пўлат Бобожонов билан ҳам учрашди.

Дарвоқе, бугун рус ва украин медиасида қуйидаги видео машҳурликка эришди. Унда Хитой ва Россия ташқи ишлар вазирлари учрашгани акс этган.

Тошкентда эркак «Лабо»га ванна ўрнатиб, унда чўмилди. Бу унга 10 суткага «тушди».

Тошкент шаҳрида «Labo» юк машинаси орқасида чўмилган эркак 10 суткага қамалди. Пойтахт ИИББга кўра, қуйидаги видеодаги ҳаракатларни амалга оширган шахс 1996 йилда туғилган Ю.Ш. бўлиб чиққан. У жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан устига сув қуйиб, бақир-чақир қилиб жамоат тартибини бузган.

Мазкур ҳолат бўйича ушбу фуқароларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) аломатлари билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судига тақдим этилган. Суд томонидан ушбу шахсларга 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Бу ишларни қилган шахс мақсадига эришди — етарлича машҳур бўлди. Энди қамоқда 10 кунни ҳам хурсанд тарзда ўткизса бўлади.

Эксклюзив материаллар:

Комил Алламжонов Президент администрацияси раҳбари ўринбосари бўлди. «Bugun.uz» мутасаддининг фаолияти бўйича видеоролик тайёрлади.

Ўзбекистонда давлат корхона ва ташкилотлари томонидан ҳар куни бюджет маблағлари ҳисобидан ҳар куни ўнлаб харидлар амалга оширилади, тендер ва аукционлар ўтказилади. «Bugun.uz» ушбу жараёнларни кузатиб, эътиборга молик (ёки — ғалати ҳам шубҳали кўринган) операциялар ҳақида мунтазам равишда ахборот бериб боради. Ўқинг — Эҳтиёт бўлинг, харидлар: Чироқ тендерида қурувчига ютқазган чироқчи, Олмазорда том учун «кураш», ўз-ўзини ислоҳ қилиш учун 6 миллиард.

Хўш, оламда нима гап?

Бошланғич нуқта — барибир, Ухан. Олимлар коронавирус дастлаб қаердан тарқалганини аниқлади.

Коронавирус бўйича тадқиқот олиб борган муаллифлар ковид Ухандаги денгиз маҳсулотлари ва ёввойи ҳайвон гўшти бозоридан келганини кўрсатувчи далилларни топди.

Фото: «Earth.com»

Тадқиқотчилар 2020 йил бошида Хитойнинг Ухан шаҳрида вируснинг биринчи тарқалиши ҳақидаги барча мавжуд маълумотларни қайта кўриб чиққан. Бу бўйича иккита тадқиқот олиб борилган. Биринчи тадқиқот шуни кўрсатадики, касалликнинг дастлабки ҳолатлари ушбу бозорда бўлган одамлар билан боғлиқ.

Иккинчи тадқиқотда айтилишича, коронавируснинг биринчи штами инсон танасига 2019 йилнинг ноябр–декабрь ойларида кирган. Иккала тадқиқотни олиб борган муаллифлар ковид штами 2019 йил охирида Ухандаги Хуанань денгиз маҳсулотлари улгуржи бозорида сотилган ёввойи ҳайвон гўштида бўлганини таъкидлаган.

Энг асосий хавф — ядро қуроли. NATO Украинадаги урушга аралашса, Россия қандай йўл тутишини прогноз қилди.

Фото: «NDTV»

Американинг «Rand Corporation» таҳлилий маркази ҳисоботига кўра, урушдаги асосий қўрқув Украина ҳарбийлари ва тинч аҳолига таҳдид билан боғлиқ. АҚШ ва NATO давлатларининг урушга қўшилиш хавфи бор, аммо бу муқаррар эмас. Украинани қўллаб-қувватлаётган АҚШ ва иттифоқчиларнинг ҳаракатлари аллақачон Россияга катта иқтисодий санкциялар ва Украинага қурол сотиш орқали жуда қимматга тушган. Ҳисобот муаллифлари бундай ҳаракатларга Россиядан жавоб кутиш керак деган хулосага келган.

Энг катта хавф шундаки, агар NATO Украинадаги урушда қатнашса, масалан, хорижий кўнгиллилар сони бўйича, у ҳолда Россия ҳарбий доктринасида белгиланган тактик ядро қуролидан фойдаланиши мумкин. Бундан ташқари, Россия раҳбарияти NATO’ни қўрқитишга ҳаракат қилиши ва унга олдиндан зарба беришни ўзининг манфаатига мос деб ҳисоблаши келтирилган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Андижонда аёл уйида фоҳишахона ташкил қилгани аниқланди — видео
Андижон, Жамият23:07 | 7.8.22
Андижонда аёл уйида фоҳишахона ташкил қилгани аниқланди — видео
Бугун оқшоми. Булутли об-ҳаво, рекламага тушмайдиган аёллар, Мелиқўзиев ва шахматчи йигитлардан навбатдаги ғалаба
Жамият21:00 | 7.8.22
Бугун оқшоми. Булутли об-ҳаво, рекламага тушмайдиган аёллар, Мелиқўзиев ва шахматчи йигитлардан навбатдаги ғалаба
ДТМ ногиронлиги тасдиқланмаган абитуриентларга мурожаат қилди
Жамият18:51 | 7.8.22
ДТМ ногиронлиги тасдиқланмаган абитуриентларга мурожаат қилди
Эронда аёлларга реклама роликларида суратга тушиш тақиқланди
Жаҳон18:33 | 7.8.22
Эронда аёлларга реклама роликларида суратга тушиш тақиқланди
Жиззахда юк машинаси ағдарилиши оқибатида йўловчи ҳалок бўлди
Жамият, Жиззах17:29 | 7.8.22
Жиззахда юк машинаси ағдарилиши оқибатида йўловчи ҳалок бўлди
БМТ Хавфсизлик кенгаши Ғазо секторидаги вазият бўйича йиғилиш ўтказади
Жаҳон16:37 | 7.8.22
БМТ Хавфсизлик кенгаши Ғазо секторидаги вазият бўйича йиғилиш ўтказади
Колумнистлар
Ваҳимали янгиликлар жонига теккан ёки уларни ўқишдан ўзини тия олмайдиганлар учун қўлланма