20:30 | 28.07.22 191

ДХХ Тошкент вилоятида «жиҳодчилар» террористик оқими аъзоларини ушлади

Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда

Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилоятида «жиҳодчилар» террористик оқими аъзоларини ушлади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Тошкент вилояти Ички  ишлар бош бошқармаси ва ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган.

Жараён давомида 1998 йилда туғилган М.М. (Янгийўл тумани) Instagram ижтимоий тармоғида экстремистик ва террористик оқим ғояларини тарғиб қилувчи шахсларнинг «жиҳод» ва «ҳижрат»га даъват қилувчи маъруза ва видеороликлар тарқатиб келаётгани аниқланган.

Шунингдек, ушбу туманда яшовчи 1995 йилда туғилган фуқаро А.Б. ҳам ушланган. Унинг 2018–2020 йилларда Туркияга бориб, у ерда «Тавҳид ва жиҳод» террористик ташкилотининг «Тавҳид ва Суннат» номли мадрасасида диний таълим олиб, яшаш манзилига қайтиб келган ва Telegram тармоғи орқали экстремистик ва террористик оқим ғояларини тарғиб қилувчи турли диний мазмундаги материалларни тарқатиб келаётгани аниқланиб, далилий ашёлар билан ушланган.

Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан ва эҳтиёт чораси сифатида «қамоқ» танланиб, жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Сурхондарё вилояти Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террорчилик ташкилотига қўшилишни истаган йигит қўлга олинганди. Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Қашқадарё вилоятининг Китоб, Қарши туманлари ва Қарши шаҳрида «Жиҳодчилар» оқими аъзоларини ушлаганди.