Нурсултон Назарбоев Туркиядаги таътилдан қайтди
Элбоши таътилни кимлар билан ўтказгани маълум қилинди
Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев Туркиядаги таътилдан қайтди. Бу ҳақда «Nur.kz» хабар берди.

Маълумотни Элбошининг матбуот котиби Айдос Укибай Twitter’даги расмий саҳифасида тасдиқлаган.
«Нурсултон Назарбоев оиласи ва дўстлари даврасида Туркияда ўтказган таътилдан қайтди», — деган Укибай.
У турли аноним манбалар берган маълумотларга қарамай, Қозоғистоннинг биринчи президенти байрам кунларида хорижлик расмийлар ёки бизнес вакиллари билан ҳеч қандай учрашув ўтказмаганини қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев январь воқеалари, ноқонуний бойиб кетган қариндошлари ва келажаги ҳақида гапирганди. У қотилликлар ортида ким турганини аниқлаш муҳимлиги, тергов бу саволга жавоб беришини айтган. Элбоши қариндошлари ҳақида қуйидагиларни маълум қилган:
«Агар қариндошларимдан бирортаси орқамдан қонунни бузганлик учун исмимни яширган бўлса, улар жавобгарликка тортилиши керак. Айбдорлиги судда исботланиши зарур. Шуни унутмаслигимиз керакки, ҳар бир фуқаро ҳуқуқий ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Менимча, ҳамма Раҳат Алиевнинг ҳикоясини эслайди. У қизимнинг эри эди. Менга деярли ўғилдек бўлган, невараларимнинг отаси эди.
Лекин буларнинг барчаси давлатнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларга кўз юмишига сабаб бўлмади. У қозоқ адлияси томонидан судланган, аммо қочишга муваффақ бўлган ва умрининг охиригача яширинган. Тақдири ҳавас қилгулик эмас», — деган Назарбоев.