Ўзбекистонда абитуриентларга тўлов учун қўшимча вақт берилди
Ўзбекистонда 27 июль куни 2022/2023 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш якунланди. Бу ҳақда Давлат тест маркази ахборот хизмати хабар берди.

Қабул якунига кўра, онлайн рўйхатдан ўтган ва таълим йўналишларини танлаган абитуриентлар сони 1 214 232 нафарни ташкил этган. Таъкидланишича, тест синовлари учун тўловни амалга оширмаган абитуриентлар рўйхатдан ўтмаган ҳисобланади ва тест синовларида иштирок эта олмайди.
«27 июль куни (қабулнинг сўнгги куни) ҳам кўплаб абитуриентлар онлайн рўйхатдан ўтгани ва аксарияти тўловни амалга оширишга улгурмагани сабабли уларга қўшимча имконият берилди», — дейилади хабарда.
Унга кўра тест синови учун тўловни амалга оширишга улгурмаган абитуриентлар 28 июль куни соат 18:00 қадар тўловни амалга оширишлари мумкин.
Аввалроқ Қорақалпоғистонлик абитуриентлар учун қабул муддати узайтирилиши хабар қилинганди.



