Ўзбекистонда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари энг кўп қайси соҳада бузилгани маълум бўлди
Меҳнат қонунчилигини бузган мансабдорларга 12 млрд сўмдан ортиқ жарималар қўлланилган
Ўзбекистонда 2022 йилнинг биринчи ярмида меҳнат тартибини бузган 5 мингдан ортиқ мансабдорга 12 миллиард сўмдан ортиқ жарима қўлланилди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабар қилди.

Маълум қилинишича, 6 ой давомида 14 мингта корхоналарда назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, унда 41 мингдан ортиқ қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган. Уларни бартараф этиш бўйича иш берувчиларга 5 688 та ёзма кўрсатма ва 1866 та тақдимнома киритилган, 5935 нафар мансабдор шахсга нисбатан 12 миллиард сўмдан ортиқ миқдорда маъмурий жарималар қўлланилган.
Қонун бузилишларнинг энг кўп халқ таълимида, яъни 11 916 та ҳолатда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилган.
Шунингдек, 4881 та тиббиётда, мактабгача таълим ташкилотларида 3 905 та, 2237 та қишлоқ хўжалигида, 1977 та ҳолатда қурилишда, 1127 та олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида, 716 та нефть-газ корхоналарида, 552 та транспорт соҳасида, 444 та саноат корхоналарида ҳамда 356 та савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарида мансабдор шахслари томонидан қонун бузилиш содир этилган.
Ходимларни бузилган меҳнат ҳуқуқларини тиклаш борасида қуйидаги ишлар амалга оширилган:
- 623 нафар ходим ноқонуний ишдан бўшатилгани сабабли ишга тикланган, шундан 287 нафари аёлларни ташкил этади;
- 1 584 нафар фуқарони жами 8 миллиард сўмга яқин миқдордаги иш ҳақларини ундириш учун фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризалар киритилиб, ундириб берилган;
- 24 та ҳолатда бахтсиз ҳодиса туфайли ходимлар ёки уларнинг оила аъзоларига 1 миллиард сўмдан ортиқ миқдордаги товон пуллари ундириб берилган;
- 11 604 нафар фуқаронинг мурожаатларини кўриб чиқилиши натижасида 6551 та мурожаатлар қаноатлантирилган ва 4057 нафар фуқаронинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланган, 4546 нафар фуқарога тегишли маслаҳат ва тушунтиришлар берилган;
- корхона ва ташкилотларда иш вақтидан ташқари, дам олиш ва байрам кунлари ходимларни ишга жалб этишда қонунчилик талабларига риоя этилишини ўрганиш мақсадида доимий равишда мониторинглар ўтказилмоқда, ушбу мониторинглар давомида 194 та ходимнинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланган.
Аввалроқ Қашқадарёда шифокорлар мажбурий меҳнатга жалб этилгани, Ўзбекистонда 3 нафар собиқ ИИВ ходимларининг меҳнат ҳуқуқи тиклангани, айрим ҳудудларида янги иш ўринлари сони орттириб кўрсатилгани тўғрисида хабар берилганди.