Шавкат Мирзиёев Хитой ташқи ишлар вазирини қабул қилди
Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг тадбирларида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган Хитой Давлат кенгаши аъзоси, ташқи ишлар вазири Ван Ини қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби хабар берди.

Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.
Шунингдек, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари юзасидан фикр алмашилган, ШҲТнинг бўлажак саммити кун тартиби кўриб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, 29 июль куни Тошкентда Ўзбекистон раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтади. Аввалроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам ушбу мажлисда иштирок этиш учун Ўзбекистонга етиб келганди.



