Тошкент вилоятида ноёб ўсимлик тури топилди — фото
Тошкент вилоятида ноёб ўсимлик тури «Tulipa Borszczowii Baker» топилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Маълум қилинишича, Фанлар академияси Ботаника институти Камёб ўсимликлар турлари кадастри ва мониторинги лабораторияси илмий ходимлари Тошкент вилояти флорасининг кадастрини тузиш лойиҳаси учун дала тадқиқотларини олиб бормоқда. Тошкент вилоятида ўсувчи камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги ноёб ўсимлик турларининг (Nanophyton botschantzevii, Hedysarum drobovii, Kamelinia tianschanica) мониторинги амалга оширилган.

Тадқиқотлар давомида DNK учун намуналар, ўсимлик уруғлари ва тирик ўсимлик намуналари, ўрганилаётган ҳудудлардан гербарий намуналари олиб келинган. Эътиборлиси ҳудудда ўсувчи камёб ва йўқолиб бораётган ўсимлик турлари борлиги аниқланган. Жумладан, «Tulipa Borszczowii Baker» турининг Тошкент вилояти Далварзин чўлидан илк бор сенопопуляцияси топилган.

Лаборатория илмий ходимлари томонидан йиғилган маълумотлар Тошкент вилояти флорасининг кадастрини юритишда ишлатилади. Камёб турларнинг ҳолатини мунтазам равишда мониторинг қилиш ва Ўзбекистон Республикаси қизил китобининг янги нашрларини тайёрлашда кенг фойдаланилади.
Аввалроқ Бухоро вилоятининг Когон туманидаги чўл ҳудудидан қадимги тарихий ғорлар топилгани маълум қилинганди. Шунингдек, Термиз шаҳрида 15 июнь куни йўл қурилиши пайтида ўрта асрлар даврига тааллуқли 2 дона кўза топилганди. Ҳамда Сурхондарёда Салжуқийлар олтин динори топилганди. Ҳамда Сирдарёдан XI-XII асрларга оид иншоот қолдиқлари топилгани маълум қилинган.



