Бугун оқшоми. Йўл қурилишидаги 34,5 млрд сўмлик коррупция, боғчада вафот этган қизча, Си Цзиньпиннинг Байденга таҳдиди
Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.
Ҳаво ҳарорати сезиларли даражада пасайди. Аммо дам олиш кунлари ҳам қуруқ об-ҳаво сақланиб қолади.

«Ўзгидромет» маълумотларига кўра, дам олиш кунлари Ўзбекистонда ҳаво булутли бўлиши кутилмоқда, аммо ҳудудларнинг катта қисмида қуруқ об-ҳаво сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати кечалари 20-23 даража, кундуз кунлари эса 33-36 даража атрофида бўлади. Таъкидланишича, бу июль ойи охиридаги иқлимий меъёрларга яқин.
Ушбу кунларда жанубда ва чўл ҳудудларда шамол 15-20 метр/секундгача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлари билан кузатилиши мумкин.
Бу енгил ҳазм бўладиган хабар эди, энди қабул қилиш қийин бўлганларига ўтамиз.
Ўзбекистонда 6 ойда йўл қурилишида 23,1 млрд сўм ноқонуний сарфлангани аниқланди. Бу фақат 6 ойда. Бу фақат аниқлангани.

Молия вазирлиги, Бош прокуратура ва Ҳисоб палатаси томонидан тақдим этилган маълумотлар таҳлили орқали Ўзбекистонда йўл хўжалиги соҳасига ажратилган маблағларни сарфлашда қатор муаммо ва камчиликлар аниқланди. Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси 45 та ҳолатда 34,5 миллиард сўмлик маблағлар самарасиз ва ноқонуний сарфланганини аниқлаган. Шундан 2022 йил иккинчи чорак якуни бўйича жами 23,1 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари қонунга зид равишда сарфланган.
Бундан ташқари, Бош прокуратура томонидан олинган маълумотларга кўра, 2021 йил ва жорий йилнинг биринчи ярмида прокуратура органлари ҳудудий жамғармаларда жами 20 та текшириш ўтказиб, назорат тадбирларида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 6 та тақдимнома киритилган, 12 нафар мансабдор шахсга огоҳлантириш эълон қилинган, 11 нафар шахс интизомий ва 21 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 12 та жиноят ишлари қўзғатилган.
Мудофаа вазирлиги 36 миллиард сўмлик хато-камчиликлар тўғрисидаги «ўчирилган» ҳисоботга муносабат билдирди.
Коррупция қарши курашиш агентлиги 2022 йилнинг 6 ойи давомида давлат харидларига оид қонунчилик талабларига риоя қилиш юзасидан ҳисобот эълон қилди. Унда Мудофаа вазирлиги тизимида 36,1 миллиард сўмлик камчиликка йўл қўйилгани айтилганди. Бироз вақтдан сўнг агентлик ҳисобни ўзгартирди. Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати бу бўйича муносабат билдирди.

Инфографика: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Инфографика: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Унга кўра, агентликнинг хабарида Мудофаа вазирлиги томонидан Давлат харидлари соҳасида қонун талабларига риоя қилинишида хато ва камчиликлар мавжудлиги баён этилган.
«Таъкидлаш керакки, ушбу ҳолатлар Мудофаа вазирлиги буджет маблағларига мутлақо алоқаси бўлмаган Ҳарбий савдо корхоналарининг 5 йиллик фаолияти давомида йўл қўйилган хато ва камчиликлардан иборат эканлиги аниқланган», дейилади муносабатда.
Шаҳрисабз шаҳридаги боғчада бола кўп қон йўқотиши оқибатида вафот этди.
Маълум қилинишича, 28 июль куни 1-Давлат мактабгача таълим ташкилотида мазкур мактабгача таълим ташкилотида қатнамайдиган 2014 йилда туғилган С.Х. синглиси А.Х. билан биргаликда боғчага келган. Тайёрлов гуруҳи тарбиячиси С.Ж. С.Х. ҳамда А.Х.нинг онасининг илтимосига кўра қонунга зид равишда С.Х.ни ҳам олиб қолган.

Тушлик пайтида опа–сингил С.Х. ва А.Х. ташкилот ҳожатхонасига чиқишган. Опаси ҳожатхона ичкарисига кирган пайтда, синглиси ташқаридан ҳожатхона эшикни очиб-ёпиб ўйнаган. Натижада ҳожатхона эшигининг ойнаси синиб, шиша бўлаклари С.Х.ни жиддий жароҳатлаган.
Воқеадан хабар топган ташкилот ҳамшираси тезда биринчи ёрдам кўрсатган. Бироқ, С.Х.нинг жароҳати чуқурлиги сабаб, кўп қон йўқотиш натижасида вафот этган. Ҳолат юзасидан Шаҳрисабз шаҳар прокуратураси ўрганиш олиб бормоқда.
Шавкат Мирзиёев ШҲТни ривожлантиришнинг принципиал жиҳатларини белгилаб берди.
Шавкат Мирзиёев ШҲТга аъзо давлатлар делегациялари раҳбарларини қабул қилган ҳақида хабар берилганди. Учрашувда давлат раҳбари ривожлантиришнинг қатор принципиал жиҳатларини белгилаб берди.

Таъкидланишича, булар — Ташкилотнинг ҳеч қандай блокларга қўшилмаслик мақомини сақлаш, янги хатар ва таҳдидларга қарши курашиш бўйича салоҳиятини кучайтириш, Марказий Осиёнинг ШҲТнинг «географик ўзаги» сифатидаги ўрнини сақлаб қолиш, трансминтақавий ўзаро боғлиқлик лойиҳаларини илгари суриш ҳамда Афғонистонни минтақадаги иқтисодий жараёнларга янада фаол жалб қилиш.
Учрашув якунида ШҲТ маконида мамлакатлар ва халқлар манфаатлари йўлида дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини, кенг кўламли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга Ўзбекистоннинг интилиши қатъий экани яна бир бор қайд этилди.
«Иқлим ўзгаришлари Ўзбекистон энергетикаси учун катта чақириқ бўлади» — энергетика вазири ўринбосари билан катта интервью
«Kommers.uz» Шерзод Хўжаев билан энергетика ислоҳотларининг аҳамияти, таъминотдаги зўриқишлар, АЭС қурилиши атрофидаги хавотирлар ҳамда бизнес ва давлат ўртасидаги энергия муносабатлари тўғрисида суҳбатлашди.
Хўш, оламда нима гап?
«Ўзингизга ўт қўясиз»: Хитой раиси Тайван туфайли Байденга таҳдид қилди.
АҚШ президенти Жо Байден Хитой етакчиси Си Цзиньпин билан 28 июль куни икки соатлик музокаралар ўтказгани хабар қилинганди. Мазкур музокарада Хитой етакчиси Байденга Тайван масаласида таҳдид қилди.

Маълум қилинишича, мулоқотда асосан Тайван ҳақида сўз юритилган. Си Цзиньпин Хитойнинг бу масаласида принципиал позициясини таъкидлаб, Тайван мустақиллиги ва вазиятга ташқи томондан ҳар қандай шаклда аралашувга қарши эканини айтган. Хитой раҳбари Байденга 1,4 миллиарддан ортиқ аҳоли Хитойнинг миллий суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий ҳимоя қилишга бел боғлаганини қайд этган.
У жамоатчилик фикрига қарши бориб бўлмаслигини айтиб, Америка президентига «ўт билан ўйнашиб, ўзингизга ўт қўясиз», деб таҳдид қилган.
Хитой томонининг баёнотига кўра, икки давлат раҳбарлари мулоқотни очиқ баҳолаб, доимий алоқада бўлишга келишиб олган ва икки томон ишчи гуруҳларига ҳамкорликни давом эттириш бўйича кўрсатмалар берган.
Бизда ҳозирча шу. Айтганча, агар эртага кун бўйи бошингиз оғриса, муаммоларингиздан кўрманг, шунчаки эртага кузатилиши кутилаётган кучли магнит бўрони сабаб бўлишиям мумкин.
Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.




