«Дунёвийлик ҳеч қачон динни ёки диний қадриятларни рад этмайди» — Бекзод Очилов

Мустақил тадқиқотчи Бекзод Очилов дунёвийлик ва динийлик борасида ўз қарашларини баён қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Унга кўра, тармоқларда жамиятда дунёвийлик диндан узоқлаштиради, аҳлоқ ва маънавият таназзулига олиб келади деган янглиш фикрлар кенг тарқалмоқда ва бу ачинарли ҳолат. Дунёвийлик ва динийлик борасида муаллифнинг фикрини қуйида тўлиқ ўқишингиз мумкин.

«Ҳозирги кунда интернет оламида дунёвийлик ва динийлик борасида турли баҳслар авж олмоқда. Жамиятда дунёвийлик диндан узоқлаштиради, аҳлоқ ва маънавият таназзулига олиб келади деган ниҳоятда янглиш фикрлар янграётганлиги ачинарли ҳолат.
Бир оддий ҳақиқатни англаш лозим, дунёвийлик ҳеч қачон динни ёки диний қадриятларни рад этмайди. Аксинча, фақат дунёвий ҳуқуқий давлат диннинг ривожланиши ва диндор инсонларнинг диний маросимларини бажариши учун керакли шарт-шароитлар ва ҳуқуқий кафолатлар бера олади.

Дунёвий давлатда давлат ва дин бир-биридан ажратилган бўлиб, барча фуқароларнинг ирқи, миллати, келиб чиқиши, диний қарашларидан қатъий назар, қонун олдида тенглиги таъминланади. Давлат органлари қонун доирасида фаолият юритаётган диний ташкилотларнинг ички ҳаётига аралашмайди, барча диний ташкилотлар ва конфессияларнинг қонун олдида тенглиги таъминланади.

Давлат тараққиёти, жамият ободлиги, аҳоли фаравонлиги аввало эркинликкка боғлиқ. Илм-фан, тиббиёт, янги технологиялар фақат инсон ва ижод эркинлиги таъминланган жамиятда ривожланади. Айнан шу сабабли ҳам барча ривожланган давлатлар, яъни илм-фан юксак даражада ривожланган, иқтисоди бақувват бўлган, жамияти барқарор ва аҳолиси фаровон турмуш кечираётган давлатлар – дунёвий ривожланиш йўлини танлаган давлатлардир.

Буни айнан инсон ҳуқуқлари ва диний эркинлик бўйича дунёда етакчи ўринларни эгаллайдиган АҚШ ва Ғарбий Европанинг қатор мамлакатлари мисолида кўришимиз мумкин. Ҳатто аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлган Туркия ёки Индонезия давлатлари ҳам айнан дунёвийлик йўлидан кетишмоқда ва тарихий тажриба буни энг тўғри йўл эканини исботламоқда.

Бугунги кунда кўпчилик учун фаровон давлат тимсоли бўлиб кўринаётган, гўёки дунёвий давлатларга муқобил сифатида тақдим этилаётган, лекин жамият ҳаётида диний қоида ва ақидаларга алоҳида урғу бериладиган айрим мамлакатлар бу натижаларга аслида, аввало, табиий бойликлар, қолаверса, дунёвий давлатлар тажрибасини кенг қўллагани ҳисобига эришган.

Бугун жамиятимизда дунёвий-ҳуқуқий давлат тартиблари асосида ҳаёт кечириш мусулмонлар учун ножоиз деган фикрлар тарқатишга уринишлар кузатилмоқда. Кимлардир дунёвий давлатнинг моҳиятини тушуниб етмай, кимлардир эса, унинг барча жиҳатларини англаган ҳолда атайин дунёвийликни атеистик ғоялар устиворлиги сифатида тушунтиришга ҳаракат қилишмоқда.

Айрим фикрларда дунёвий давлатда диний эркинликлар чекланиши таъкидланиб, бундай мулоҳазаларга исбот сифатида БМТнинг “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”га ёки “Дин ва эътиқодга асосланган ҳар қандай муросасизлик ва камситишни тугатиш тўғрисидаги декларация”ларга мурожаат қилинаётганини кўришимиз мумкин. Энг қизиғи, айнан шу диний эркинлик ва умуман инсон ҳуқуқлари бўйича асосий халқаро ҳуқуқий нормалар дунёвий давлатларда ишлаб чиқилган. Бу омил ҳам айнан ҳуқуқий дунёвий давлатгина диний қадриятларни ҳимоя қила олишга қодирлигини кўрсатиб турибди.

Дунёвийликни умуман рад этиб, тараққиётнинг фақат диний йўлини танлаган қайси давлат ривожланиб кетган? Бунинг фақат аксига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Ироқ ва Шомда ислом давлати қурмоқчи бўлган бузғунчилар нимага эришди? Уларнинг касрига Суриядек айнан дунёвий давлат пайтида ривожланиб келган мамлакат мана ҳозир ҳам таназзулдан чиқа олмаяпти. Ёки узоққа бормайлик 1996-2001 йиллардаги Толибон бошқарган Афғонистон “Ислом амирлиги”даги аҳвол ҳам шу фикрга яққол исбот бўлиши мумкин. Тўғри, Саудия Арабистони қироллиги ёки Бирлашган Араб Амирликлар каби шариат асосида бошқариладиган давлатлар бор.

Лекин улар моноэтник ва монодиний мамлакатлар, яъни аҳолисининг барчаси бир миллатга мансуб ва бир динга эътиқод қилади. Қолаверса, бу мамлакатларнинг ривожланишининг асосий сабабларидан бири табиий ресурслари билан бир қаторда ҳозирда айнан Ғарбнинг ривожланган дунёвий давлатлари билан ҳамкорликда замонавий илм-фанга катта эътибор қаратилаётгани ва улар барча соҳаларга айнан чет эллик дунёвий илмларни эгаллаган кучли мутахассисларни жалб этганида.

Ўзбекистон қадимдан турли миллат ва элат ҳамда конфессия вакиллари ўзаро тинч-тотув яшаб, ўз диний ибодат ва расм-русумларини эмин-эркин бажариб келган бағрикенг диёр сифатида қадрланиб келган. Ҳозирги кунда ҳам юртимизда ўзаро дўстлик муҳитини яратиш, диний конфессия вакиллари ўртасида бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юртимизда 16 та конфессия ва 130 дан ортиқ миллат ва элатлар мана неча йиллардан бери бир осмон остида аҳил яшаб келишмоқда.

Айнан миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик бугун куннинг энг буюк неъмати тинчлик ва хотиржамликнинг асосий омилларидир. Халқимизда доно мақол бор: «Бир кун жанжал чиққан уйдан, қирқ кун барака қочади.» Мамлакат миқёсида-чи? Айрим мамлакатлардаги этник ва диний низоларнинг оқибатини эшитиб, интернет ва телеканаллар орқали хабардор бўлиб турибмиз.

Аҳолиси кўп миллатли, турли динларга эътиқод қилувчи ва диний қарашлари турлича бўлган жамиятда турли дин вакилларининг тинч-тотув ва ўзаро ҳурмат асосидаги ҳаётини фақат давлат таъминлаши мумкин.

Бунинг учун диний ғоялардан давлатга қарши тарғибот олиб боришда, диний асосдаги низо, нафрат ва адоват уйғотиш, фуқаровий тотувликни бузишда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги керак».

Мустақил тадқиқотчи Бекзод Очилов

 

Ўзбекистон элчихонаси хориждаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмоқчи бўлган ватандошларни огоҳлантирди
Жамият9:51 | 10.8.22
Ўзбекистон элчихонаси хориждаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмоқчи бўлган ватандошларни огоҳлантирди
Жиззахда аёл фарзандлари кўз ўнггида калтакланиб, зўрлангани айтилмоқда
Жамият, Жиззах9:27 | 10.8.22
Жиззахда аёл фарзандлари кўз ўнггида калтакланиб, зўрлангани айтилмоқда
Ўзбекистонда фахрий донорларга қатор имтиёзлар берилади
Жамият9:22 | 10.8.22
Ўзбекистонда фахрий донорларга қатор имтиёзлар берилади
Россияда ўзбекистонлик наркотик сотувчиси қўлга олинди
Жаҳон0:25 | 10.8.22
Россияда ўзбекистонлик наркотик сотувчиси қўлга олинди
«Толибон» мамлакатдаги тиланчиларни камайтириш йўлини маълум қилди
Жаҳон0:24 | 10.8.22
«Толибон» мамлакатдаги тиланчиларни камайтириш йўлини маълум қилди
Самарқандда 11,5 кг олтин кукунини ноқонуний сотишга уринган шахслар ушланди
Жамият, Самарқанд0:19 | 10.8.22
Самарқандда 11,5 кг олтин кукунини ноқонуний сотишга уринган шахслар ушланди