
Мудофаа вазирлиги 36 млрд сўмлик хато-камчиликлар тўғрисидаги «ўчирилган» ҳисоботга муносабат билдирди
Коррупция қарши курашиш агентлиги 2022 йилнинг 6 ойи давомида давлат харидларига оид қонунчилик талабларига риоя қилиш юзасидан ҳисобот эълон қилди. Унда Мудофаа вазирлиги тизимида 36,1 миллиард сўмлик камчиликка йўл қўйилгани айтилганди. Бироз вақтдан сўнг агентлик ҳисобни ўзгартирди. Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати бу бўйича муносабат билдирди.

Таъкидланишича, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Телеграм каналида Давлат харидлари соҳасида қонун талабларига риоя қилиниши юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижалари эълон қилинган. Унда Мудофаа вазирлиги тизимига оид маълумотлар ҳам келтириб ўтилган бўлиб, эълон қилинган маълумотлар оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда турли салбий талқинларга сабаб бўлган.

Инфографика: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Инфографика: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Маълум бўлишича, агентликнинг хабарида Мудофаа вазирлиги томонидан Давлат харидлари соҳасида қонун талабларига риоя қилинишида хато ва камчиликлар мавжудлиги баён этилган.
«Таъкидлаш керакки, ушбу ҳолатлар Мудофаа вазирлиги буджет маблағларига мутлақо алоқаси бўлмаган Ҳарбий савдо корхоналарининг 5 йиллик фаолияти давомида йўл қўйилган хато ва камчиликлардан иборат эканлиги аниқланган», дейилади муносабатда.
Шунингдек, вазирлик барча электрон нашрлар ва блогерлардан маълумотларни нотўғри талқин қилмасликларини сўраган.
Аввалроқ Ўзбекистонда 6 ойда йўл қурилишида 23,1 млрд сўм ноқонуний сарфлангани аниқлангани ҳақида хабар берилганди.





