Ўзбекистонда 2019 йилдан бери мобил интернет нархи 9 бараварга арзонлашди
Шавкат Мирзиёев Юқори Чирчиқ туманидаги «Astrum» IT академиясига ташриф буюриб, соҳа вакиллари билан мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.

Президентнинг таъкидлашича, соҳага сўнгги беш йилда 2 миллиард доллар, шундан 700 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестициялар йўналтирилган.
«Бунинг ҳисобига бугунги кунда IT-паркларда 14 минг нафар ёшлар юқори даромадли иш жойлари билан таъминланди. Шу билан бирга, ўзини ўзи банд қилган IT мутахассислари сони йил бошидан 2,5 баробарга ўсиб, 43 мингга етди.
Жорий йилнинг ўзида мамлакатимизда 134 та янги, жумладан 50 та хорижий IT компаниялари ташкил этилди, экспортчи корхоналар сони эса 2 бараварга ошди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, 2019 йилдан бери мамлакатда мобил интернет нархи уч бараварга арзонлашган.
«Сўнгги уч йилда мобил интернет нархи 9 бараварга арзонлашди ва халқаро рейтингда 15-ўринга кўтарилдик (68-ўриндан).
IT хизматлари ҳажми ва экспорти бир неча баробарга ўсди. Энг асосийси, IT касбларни эгаллаш ёшлар ўртасида трендга айланди», — дейди Президент.
Маълумот учун, Буюк Британиянинг «Cable» портали тузган рейтингда Ўзбекистон интернет нархлари бўйича 233 та мамлакат ичида 15-ўринни эгаллаган.
Аввалроқ Ўзбекистондаги айрим мактабларда интернет тезлиги камида 100 Мбит/с бўлиши таъминланиши ҳақида хабар берилганди.




