Ўзбекистонда 6 ойда йўл қурилишида 23,1 млрд сўм ноқонуний сарфлангани аниқланди
Қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 12 та жиноят иши қўзғатилган
Молия вазирлиги, Бош прокуратура ва Ҳисоб палатаси томонидан тақдим этилган маълумотлар таҳлили орқали Ўзбекистонда йўл хўжалиги соҳасига ажратилган маблағларни сарфлашда қатор муаммо ва камчиликлар аниқланди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Жумладан, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекциясининг 2021–2022 йилларда йўл хўжалиги лойиҳаларида амалга оширилган қуриш-таъмирлаш ишларини ўрганишлари кўрсатганидек, 45 та ҳолатда 34,5 миллиард сўмлик маблағлар самарасиз ва ноқонуний сарфланган.
Шундан 2022 йил иккинчи чорак якуни бўйича жами 23,1 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари қонунга зид равишда сарфланган.
Бундан ташқари, Бош прокуратура томонидан олинган маълумотларга кўра, 2021 йил ва жорий йилнинг биринчи ярмида прокуратура органлари ҳудудий жамғармаларда жами 20 та текшириш ўтказиб, назорат тадбирларида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 6 та тақдимнома киритилган, 12 нафар мансабдор шахсга огоҳлантириш эълон қилинган, 11 нафар шахс интизомий ва 21 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 12 та жиноят ишлари қўзғатилган.
«Шу билан бирга, йўл ишлари дастурлари тасдиқлангандан сўнг йил давомида уларга қўшимча объектларнинг киритилиши ҳисобига йилдан-йилга ўтувчи объектларнинг сони ва қиймати ортиб боришига сабаб бўлмоқда. Ушбу объектларнинг йиллар давомида фойдаланишга топширилмаслиги ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021 йилда йўл ҳаракати қоидабузарлиги бўйича 410 миллиард сўм жарима ундирилганди.