11:24 | 29.07.22 162

Шавкат Мирзиёев ШҲТга аъзо давлатлар делегациялари раҳбарларини қабул қилди

Учрашувда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилган

Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишининг тадбирларида иштирок этаётган делегациялар раҳбарларини қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашувда Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкар, Қозоғистон бош вазирининг ўринбосари — ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди, Хитой Давлат кенгаши аъзоси, ташқи ишлар вазири Ван И, Қирғизистон ташқи ишлар визири Жеэнбек Кулубаев, Покистон ташқи ишлар вазири Билавал Бхутто Зардарий, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин, шунингдек, ШҲТ бош котиби Чжан Мин и ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев иштирок этган.

Кўп томонлама ҳамкорликнинг устувор вазифалари ва ШҲТни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган. Ўзбекистоннинг бирлашмага раислиги давомида ўтган даврда биргаликда амалга оширилган ишлар натижалари ҳамда 2022 йил сентябрь ойида Самарқандда ўтадиган саммит кун тартибига алоҳида эътибор қаратилган.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Хитой ташқи ишлар вазири Ван И, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашгани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, 29 июль куни Тошкентда Ўзбекистон раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси бошланган.