Бугун оқшоми. «Ўзтрансгаз»нинг триллионлаб коррупцияси, Украинада ҳалок бўлган ўзбекистонлик, Қорақалпоғистоннинг янги ички ишлар вазири

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Қорақалпоғистондаги иккинчи йирик алмашув: Бахтияр Торебеков Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири этиб тайинланди.

Бахтияр Торебеков
Фото: ИИВ матбуот хизмати

Тайинловга қадар Қўнғирот тумани ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритган Бахтияр Торебеков 25 июль куни лавозимидан озод қилинган Аманбай Оринбаевнинг ўрнига Қорақалпоғистон ички ишлар вазири бўлди.

Маълумот учун, бу Қорақалпоғистон учун 1-2 июль воқеаларидан кейинги иккинчи йирик тайинлов: бунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси прокурори лавозимига Қашқадарё прокурори Эркабой Тожиев тайинланганди (унинг қашқадарёдаги курсиси бўш қоляпти).

Қуйидаги расмдаги темир «авария»дан олдин «Matiz» бўлган: Тошкентда «Howo» ва «Matiz» иштирокидаги ЙТҲда ҳайдовчи ҳалок бўлди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бир киши ҳалок бўлди. 29 июль куни соат 13:00 ларда содир бўлган ҳодисада 20 ёшли «Matiz» ҳайдовчиси воқеа жойида вафот этган. Қуйидаги расмда кўриш мумкинки, «Howo»га деярли ҳеч нарса қилмаган, лекин бир ёш йигит ҳаётда йўқ.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

Дастлабки маълумотларга кўра, «авария» енгил машина ҳайдовчиси белгиланган тезликни меъёридан ошириб, руль бошқарувини йўқотиши натижасида қарама-қарши йўналишга чиқиб кетгани сабаб юзага келган.

Хулоса: тезроқ хулоса қилинг, лекин рулда тезликни оширманг.

«Ўзтрансгаз» мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани рад этилди. Аммо терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

«Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти мансабдорларига нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Унда 4 триллион 904,7 миллиард сўмни растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилингани ва 7,4 миллиард сўм маблағ ортиқча мукофот пуллари сифатида тўлаб берилиб, ўзлаштирилгани айтилган. Бош прокуратура матбуот хизмат бунга муносабат билдирди.

Фото: «Bugun.uz»

Telegram’даги «Kompromatuzb» каналида «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти мансабдорларига нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида хабар берилди. Унда «4 триллион 904,7 млрд сўмни растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилингани ва 7,4 млрд. сўм маблағ ортиқча мукофот пуллари сифатида тўлаб берилиб, ўзлаштирилгани натижасида давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилгани» айтилган.

Шундан сўнг акциядорлик жамияти бу хабарларга муносабат билдирди. Таъкидланишича, «Ўзтрансгаз» ўз мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши очилганидан хабари йўқ ва ҳозирда ҳам ҳеч бир мансабдор шахс бирор жиноий иш доирасида тергов жараёнига жалб қилинмаган.

Ушбу муносабатдан сўнг журналист Хуршид Далиев ўз Telegram каналида жамият мансабдорларига нисбатан жиноят иши очилгани тўғрисидаги ҳужжат нусхасида эълон қилди.

Фото: Telegram / @muxbir1

Бош прокуратура юқоридаги ҳолат бўйича расмий баёнот берди. Маълум қилишича, терговга қадар текширув ҳаракатлари тўлақонли ўтказилмасдан қарор барвақт қабул қилинганлиги аниқланган.

«Мазкур жиноят иши Бош прокуратура томонидан назорат тартибида ўрганилганида, терговга қадар текширув ҳаракатлари тўлақонли ўтказилмасдан қарор барвақт қабул қилинганлиги аниқланган.

Шу сабабли, жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарор 16 май куни бекор қилиниб, қўшимча равишда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб боришлик учун юборилган», дейилади муносабатда.

Агар текширувлар якунланиб, триллионлар «еб юборилгани» аниқланса, бу йилнинг, балки ўн йилликларнинг энг катта коррупцион иши бўлади. Ундай бўлмасин, аммо коррупционерлар жаримага тортилсин.

«Агар бу нарса интернетга тарқалса, ота-онангни судга бераман». Тошкентда ППХ инспектори вояга етмаган болага қўпол муомала қилди.

Тошкент шаҳрида ППХ инспектори вояга етмаган болага нисбатна қўпол муносабатда бўлгани тасвирланган видеолар тарқалди. ИИВ матбуот котиби воқеа муносабат билдириб, ҳолат интизомий тартибда ўрганилишини маълум қилди.

Кадр: Telegram

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан кўриш мумкинки, ППХ инспектори вояга етмаган болага ўз ҳақ-ҳуқуқларини қўпол равишда тушунтириб, тасвирларни интернетда тарқатиб юборишга қонунан ҳаққи йўқлигини таъкидлаган.

«Секинроқ. Вояга етмаган боласан. Сал секинроқ муомала қилавер. Сен видеога олаётган, мен сенга айтаяпман — чиройли қилиб ол мени. Мени исмим Ботир, фамилиям Хасанов. Бу сен олаётган видео менга нисбатан прокуратура ёки мендан юқори турувчи органларга тақдим қилиш учун олинади», — дейди у.

Хасанов суҳбат давомида тасвирга олинаётган ҳолат видеоси интернетга тарқалиб кетса, боланинг ота-онасини судга бериш билан қўрқитган.

Бола ППХ ходимига унинг ҳам Конституциявий ҳуқуқлари борлигини эслатиб ўтган. Хасановнинг айтишича, йигитчанинг бу хатти-ҳаракати ўзбек менталитетига тўғри келмайди. «Ўзбек халқида катта гапирганда кичкина жим туради. Катта гапириб бўлганидан кейин мени измим билан сен гапириш ҳуқуқига эгасан», — дейди у.

Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов муносабат билдирди. Унинг ёзишича, 24 июль куни Тошкент шаҳар Яшнобод тумани Мухтор Ашрафий кўчасида фуқаро билан касб этикасига нолойиқ мулоқотда бўлган туман ППХ инспектори Ботир Хасановнинг ҳаракатлари интизомий тартибда ўрганилиб, ҳуқуқий баҳо берилади.

Ҳар бир муносабат остида журналист ва блогерларга таҳдидсифат эслатма жойлаб кетадиган Ғиёсов бу сафар ўзи ишлаётган тизим ходимларига ҳам «дакки» берибди, лекин унда ҳеч қандай жавобгарликка тортилиш ҳақида гап кетмаган. Қонундан кўра ўзбекчиликдаги ҳурмат-иззатни юқори кўрувчи Ботир Ҳасанов мана шу эслатмасиз ҳам жаримага тортилармикин, ахир, ўзи айтганидек, ҳамманинг Конституцион ҳуқуқлари бор?!

Украинада аҳолига ош тарқатган ўзбекистонлик эркак ҳалок бўлди. Ертўлада. Паловга тайёргарлик кўраётган пайтда.

Украинанинг Чугуев шаҳрида маҳаллий аҳолига палов тарқатган 36 ёшли ўзбекистонлик Сардор Ҳакимов (айтилишича, Андижоннинг Асакасидан) ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлди.

Фото: RFE/RL

Харков вилояти ҳокимлиги раҳбари Олег Синегубов Чугуевда ўзбекистонлик эркак билан ҳамма таниш бўлганини айтган. «Ҳамма Сардор Ҳакимовнинг тирик эканига охиригача умид қилди. У доим жилмайиб турарди, очиқ кайфиятда бўлган», — деган у.

Маҳаллий имом Тимур Беридзенинг айтишича, Сардор Ҳакимов отишма пайтида ертўлада бўлиб, у ерда палов пиширишга тайёргарлик кўраётган бўлган.

Украина матбуотига кўра, Ҳакимов 2000 йилдан бери Луганск вилоятининг Северодонецк шаҳрида истиқомат қилган. Урушдан кейин, 2014 йилда у Чугуевга кўчиб ўтган. У ерда ўзбек ошхонаси ва зираворлар дўконини очган. Россиянинг Украинага ҳужумидан кейин Ҳакимов оиласини Ўзбекистонга юборган ўзи эса одамларга ёрдам бериш учун Чугуевда қолган.

Хўш, оламда нима гап?

Европада маймунчечакдан илк ўлим қайд этилди. Испанияда бир куннинг ўзида икки киши вафот этди.

Нигерияда маймунчечакдан биринчи ўлим ҳолати қайд этилгани ҳақида хабар берилганди. Эндиликда Европада ҳам маймунчечакдан ўлим ҳолати кузатилди.

Фото: «Nacion»

Касаллик Испанияда 29 июль куни аниқланган, мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили марҳум ҳақида маълумот беришдан бош тортган. Испанияда маймунчечакка чалинишнинг 4298 та ҳолати тасдиқланган, 120 нафар бемор касалхонага ётқизилган.

Бразилия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам Африка қитъасидан ташқарида маймунчечакдан биринчи ўлим кузатилганини хабар берган. Марҳум 41 ёшли эркак бўлиб, унинг иммунитетини заифлаштирган лимфома билан касалланган. Бемор реанимация бўлимига олиб келинганидан кейин септик шокдан вафот этган, ёндош касаллик унинг аҳволини янада оғирлаштирган.

Бразилия АҚШ ва Канада билан бирга Америка қитъасида маймунчечакдан ҳолати кўпайган давлатлар қаторига киради. Минтақада 5000 дан ортиқ касалланиш ҳолатлари қайд этилган.

«Қумтор» олтин кони тўлиқ Қирғизистон назоратига ўтди.

Мамлакатнинг Буюк Британиядаги элчихонасида 29 июль куни «Қумтор»нинг Қирғизистон мулкига ўтиши жараёнини тасдиқловчи ҳужжатларни алмашиш тартиби бўлиб ўтган.

Фото: «Акчабар.kg»

Элчихона ҳудудида томонларнинг халқаро ҳуқуқий вакиллари ва эскроу агенти иштирокида Қирғизистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Улан Жусуповга ҳуқуқий ҳужжатларнинг тўлиқ тўплами, жумладан, «Kumtor Gold Kompany» ва «Kumtor Operating Company» акцияларининг 100 фоизи «Қирғалтин» ОАЖ фойдасига эгалик ҳуқуқини тўлиқ ўтказишни рўйхатдан ўтказиш учун барча зарур далолатномалари, ишончномалар ва гувоҳномалар топширилган.

Қайд этилишича, президент Садир Жапаров Вазирлар Маҳкамасига конни миллий қонунчиликнинг барча талаблари ва халқаро стандартлар асосида самарали ўзлаштиришни таъминлаш бўйича топшириқ берган. Эришилган келишув, жумладан, қуйидаги пунктларни ўз ичига олади:

  • «Қумтор» кони тўлиқ республика мулкига ўтади, Қирғизистон эса 2021 йил 15 майдан конда қазиб олинган олтиннинг эгаси сифатида тан олинган;
  • «Centerra» 11 миллион доллар атрофида дивидендлар тўлайди;
  • Қирғизистон томонига 50 миллион доллар миқдорида бир марталик тўлов келишиб олинди;

Қирғизистон «Қумтор»нинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасини (тахминан 53 миллион доллар) бошқаришни ўз қўлига олади, бу маблағ ҳам Қирғизистон банкларидан биридаги махсус ҳисоб рақамига ўтказилади.

«Centerra» Қирғизистон томонига нисбатан қўзғатилган барча суд жараёнларини тугатмоқда: АҚШда (27 июлда тугатилган), Швеция ва Канадада (даъволарни қайтариб олиш тўғрисидаги хатлар 28 июлда юборилган).

Қумтор конини ўзлаштириш билан 1990 йиллар бошидан бери Канаданинг «Centerra Gold Inc.» корпорацияси шуғулланиб келганди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Андижонда аёл уйида фоҳишахона ташкил қилгани аниқланди — видео
Андижон, Жамият23:07 | 7.8.22
Андижонда аёл уйида фоҳишахона ташкил қилгани аниқланди — видео
Бугун оқшоми. Булутли об-ҳаво, рекламага тушмайдиган аёллар, Мелиқўзиев ва шахматчи йигитлардан навбатдаги ғалаба
Жамият21:00 | 7.8.22
Бугун оқшоми. Булутли об-ҳаво, рекламага тушмайдиган аёллар, Мелиқўзиев ва шахматчи йигитлардан навбатдаги ғалаба
ДТМ ногиронлиги тасдиқланмаган абитуриентларга мурожаат қилди
Жамият18:51 | 7.8.22
ДТМ ногиронлиги тасдиқланмаган абитуриентларга мурожаат қилди
Эронда аёлларга реклама роликларида суратга тушиш тақиқланди
Жаҳон18:33 | 7.8.22
Эронда аёлларга реклама роликларида суратга тушиш тақиқланди
Жиззахда юк машинаси ағдарилиши оқибатида йўловчи ҳалок бўлди
Жамият, Жиззах17:29 | 7.8.22
Жиззахда юк машинаси ағдарилиши оқибатида йўловчи ҳалок бўлди
БМТ Хавфсизлик кенгаши Ғазо секторидаги вазият бўйича йиғилиш ўтказади
Жаҳон16:37 | 7.8.22
БМТ Хавфсизлик кенгаши Ғазо секторидаги вазият бўйича йиғилиш ўтказади
Колумнистлар
Ваҳимали янгиликлар жонига теккан ёки уларни ўқишдан ўзини тия олмайдиганлар учун қўлланма